ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Мирзачўл туманида қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун янгидан қуриб битказилган хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.
Мазкур эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 34 йиллигига ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Сўнгги йилларда миллий армиямизни ислоҳ қилиш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, шу билан бирга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чегарачилар учун барпо этилган мазкур хизмат уйлари ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Тантанали тадбирда вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари, Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти, ҳарбий қисм қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Маросимда Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони бошчилигида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилишича, 2 ва 3 хонали бўлган 22 та хонадондан иборат ушбу 2 қаватли хизмат уйи барча зарур муҳандислик коммуникация тармоқларига уланган бўлиб, ҳарбий оилаларнинг фаровон яшаши учун тўлиқ қулайликлар яратилган, замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланган. Уйлар калити ўз эгаларига тантанали тарзда топширилди.
– Бугун биз, ҳарбий хизматчилар учун жуда қувончли кун, - дейди ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Шаҳзод Хонназаров. – Давлатимиз томонидан яратилаётган бундай шароитлар хизматимизга бўлган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Янги, шинам уйга эга бўлганимиз оиламиз учун катта рағбат бўлди. Бу ишончни оқлаш учун Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат вазифаларимизни янада масъулият билан бажарамиз.
[gallery-27171]
Шунингдек, ҳарбий шаҳарча ҳудудида болажонлар учун ўйин майдончалари, дам олиш жойлари ташкил этилди. Ҳовли атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш мақсадида эса замонавий шароитларга эга тикув цехи барпо этилиб, бу ерда 6 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи доимий иш билан таъминланди.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига қаратилаётган бундай ғамхўрлик, шубҳасиз, Ватан тинчлиги посбонларининг хизмат вазифаларини янада самарали бажаришида муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА