Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегарачилар байрамни янги уйларда нишонламоқда
17:48 / 2023-09-04

Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм чегара қўриқлаш взводлари ҳарбий хизматчилари учун хизмат уйлари ва ҳарбийлар учун маъмурий бино фойдаланишга топширилди

Шу муносабат билан ташкил этилган байрам тадбирида вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Хизмат уйларининг фойдаланишга топширилгани чегарачилар ва уларнинг оилалари учун ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.  

Дастлаб, Қўшқанд қишлоғи ҳудудида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм чегара қўриқлаш взводида ҳарбий хизматчилар учун 16 та хонадондан иборат, 2 қаватли янги хизмат уйининг калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.  

Очилиш маросимида Она ватанимиз тинчлигини таъминлашда сарҳадларимизни 24 соат қўриқлаётган чегарачиларнинг алоҳида ўрни борлиги эътироф этилиб, миллий армиямиз куч-қудрати ва салоҳиятини ошириш, ҳарбийлар ва уларнинг оилалари учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз борди.  

Қайд этилганидек, замонавий типда бунёд этилган мазкур хизмат уйида яшаш учун барча қулайлик ва шароитлар яратилган. Шунингдек, ҳудудда ҳарбийларнинг жажжи фарзандлари учун ўйин майдончаси ҳам ташкил этилган.  

Тумандаги Учтургон қишлоғи ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм бўлинмасида бўлиб ўтган байрам тадбирида эса ҳарбийлар учун маъмурий бино ҳамда 27 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига янги хонадонларнинг калитлари топширилди.  

Замонавий алоқа воситалари ва керакли мебел жиҳозлари билан таъминланган маъмурий бино ичида ва унинг ташқарисида ҳарбийларнинг хизмат олиб боришлари ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишлари учун етарли шароитлар яратилган.  

Хусусан, эндиликда кутубхона, ўқув хонаси, тиббиёт хонаси, ётоқхона, ошхона, маиший хизмат кўрсатиш ва ювиниш хоналари, спорт зали ҳамда мини футбол майдончаси улар ихтиёрида бўлади.  

Шунингдек, ҳарбийларнинг боғча ёшидаги фарзандларининг таълим тарбия олишлари ҳам алоҳида эътиборга олинган. Ҳарбийлар шаҳарчаси кўринишини олган ушбу масканда болалар майдончаси ва мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилган.  

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари мамлакатимиз мустақиллиги тантаналари нишонланаётган шу кунларда янги уй калитларини олганларидан беҳад хурсанд эканини таъкидлади.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА