Ёш кадрлар ўртасида намунали хулқи, ташаббускорлиги ва тиришқоқлиги билан барчага ўрнак бўладиган, маънан ва жисмонан баркамол фарзанд вояга етказганлиги учун ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг “Ташаккурнома”сини тақдим этиш анъана тусини олди.
Шу кунларда ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилиб, мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлаш ишига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамда жанговар хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган бир қатор ёш ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, ота-оналарига Чегара қўшинлари қўмондонининг “Ташаккурнома”лари топширилмоқда.

Фарзанди камолини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Республикамиз бўйлаб амалга оширилаётган ташрифлар давомида кўплаб ёш ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига шодлик улашилиб, меҳнатлари алоҳида эътироф этилмоқда.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ДХХ Чегара қўшинларида хизмат ўтаётган ташаббускор ва фаол ёшларнинг ота-оналарини рағбатлантириш мақсадида, Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи ёш ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг йўқлови етиб борди. Тадбир давомида уларга, фарзандини Ватанига, Президентига, жонажон халқига ва қасамёдига садоқат руҳида тарбиялагани учун миннатдорчилик билдирилди.

– Бу эҳтиромдан бошимиз осмонга етди, фарзанднинг иқболидан миннатдорчилик эшитиш ҳар бир она учун бахт, албатта, фарзандимиз мамлакатимизнинг буюк келажагини қуришда ўз муносиб ҳиссасини қўшишига ишончим комил ва ушбу ишларни амалга оширишда уни руҳан қўллаб-қувватлашга ваъда бераман, – дейди кичик сержант Ш.Ҳазратқуловнинг онаси Гулсанам Орзиқулова.
Навбатдаги манзил Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани бўлди. Бир қатор ёш ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ҳам “Ташаккурнома”лар етказилди.
Жумладан, Хўжайли тумани “Кун нури” маҳалласида яшовчи кичик сержант Женис Аллановнинг ота-онаси Абдисалам Алланов ва Мевагул Жумаева, шу тумандаги Аҳмад Яссавий кўчаси 52-уйда истиқомат қилувчи оддий аскар Жасур Рахимовнинг отаси Ахмад Рахимов ҳам ана шундай эътирофга эга бўлган бахтиёр инсонлардан.
Худди шундай тадбир Сурхондарё вилояти Узун туманида ҳам ташкиллаштирилди. Тумандаги “Телпакчинор” МФЙда яшовчи Ғанижон ака ва Мақсудахон ая ҳам йўқлаб борилди. Улар фарзандлари камолидан қувонди. Уларнинг фарзандлари кичик сержант Акмалжон Давлатов давлат чегараларини ҳимоя қилишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, намунали интизоми билан хизматдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.
– Бугун фарзандимиз ҳарбий хизматни танлаганидан яна бир бор шод бўлдим, – дейди кичик сержант Акмалжон Давлатовнинг онаси Мақсудахон ая. – Чегара қўшинлари қўмондонининг миннатдорчилик хати етиб келди. Ўғлим билан фахрландим. У юзимизни ёруғ қилди. Бу ҳар бир ота-она учун шараф, фахр ҳисобланади.
Ҳар бир хонадонда кузатилган ана шундай қувонч кўз ёшлари, чексиз бахтиёрлик ҳисси, кўтаринки кайфият ташриф буюрувчиларнинг ҳам кўнглини тоғдек кўтарди. Зеро, кунни тунга, тунни тонгга улаб сарҳадларимизда сергак туриб, она юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асраётган ўғлонлар хизмати ва уларни камолга етказиб, Ватан ҳимоясига йўллаган ота-оналарининг меҳнати ҳамиша эътибор, эътирофга муносиб.
Ф.Бобожонова, майор. ЎзА