Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида навбатдаги муддатли ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб аскарлар темир йўл вокзалидан кутиб олинди. Сўнг махсус машиналарда ҳарбий қисмга олиб борилди. Тантанали куй-қўшиқлар янгради. Саф тортган аскарлар шаҳдам қадамлар билан ҳарбий қисмга киришди. Шу ердан улар ҳарбий хизматга илк қадамни қўйишди.
[gallery-10986]
Шахсий таркиб майдонда сафланди. Ростлан буйруғи берилди. Ҳарбий қисм бўйлаб мардонавор давлат мадҳияси янгради. Ҳарбий қисм командири ва тадбирга ташриф буюрган жамоатчилик вакиллари ҳарбий хизматга чақирилган аскарларни табриклади.
– Қашқадарё вилоятига чегараларимиз сарҳадларини қўриқлаш учун етиб келдик, – дейди жиззахлик Шоҳжаҳон Ботиров. – Ҳар бир йигит борки ватан олдида ўз бурчини бажариши шарт. Шу қатори мен ҳам ўз йигитлик бурчимни бажариш учун ҳарбий хизматга келдим. Ёшлигимдан чегарачи бўлишни орзу қилганман. Бу орзуим бугун ушалди. Албатта ватанимга садоқат билан хизмат қилиб, ота-онамни ва Президентим ишончини оқлашга ваъда бераман.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.