French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегара масканларида ҳар бир жараён назоратда
16:01 / 2025-09-16

Тошкент вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт-импорт жараёнларида фитосанитария ҳолатига алоҳида эътибор қаратилиб, самарали ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятда бошқармага қарашли ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ва чегара масканларида экспорт-импорт жараёнлари доимий назорат қилинмоқда. Сабаби, бу саъй-ҳаракатлар мамлакатлар флора олами учун фитосанитария хавфсизлиги тобора долзарблик касб этмоқда. 

Жумладан, Бекобод туманидаги Ойбек чегара божхона постида ҳам иш туну-кун ташкил этилган. Бу ерда карантин инспекторлари томонидан четдан турли зарарли ҳашаротлар, бегона ўтлар ёки ўсимлик касалликлари кириб келмаслиги чоралари кўрилади. Замонавий ахборот технологиялари, лаборатория жиҳозлари орқали ҳар бир маҳсулот синчковлик билан текширилиб, тақдим қилинган ҳужжатлар тегишли тартибда кўздан кечирилади. Божхона постида мутахассислар фаолияти учун барча шароит мавжуд.

Инспектор махсус планшетлар орқали ҳар бир жараён ва қайд қилинган ҳолатларни онлайн платформага киритиб боради. Чунки биргина зарарли организм кириб келса, катта майдонлардаги далалар, боғ-роғларга жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис, импорт қилинган маҳсулотларни ҳам, транзит тарзида ўтаётган фуқароларнинг юкларини ҳам карантин назоратидан ўтказилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур жараёнда мева-сабзавот, дон, уруғлар, кўчатлар, қадоқланган маҳсулотлар – буларнинг барчаси диққат билан текширилади. Чунки уларнинг ичида ёки устида кўринмайдиган ҳашарот тухумлари, қўзиқорин касалликлари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, транзит тарзида ўтаётган юк ташувчи автотранспорт воситалари олиб ўтаётган юклар ҳам доим кузатувда. Масалан, бошқа давлатга мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтаётган маҳсулот йўлда тушиб қолиши ёки қадоқлари очилиб кетиши мумкин. Шу сабабли, улар ҳам ҳужжатлар ва ташқи кўриниши бўйича синчиклаб ўрганилади. 

– Агар шубҳали ҳолат бўлса, масалан, баргида доғ, пўстида чириш белгилари ёки ҳашарот изи топилса намуна олиб, лабораторияга юборамиз, – дейди “Ойбек” Ўсимликлар карантини чегара маскани инспектори Далер Жўраев. – Фақат лаборатория натижалари тасдиқлагандан кейин маҳсулотнинг тақдири ҳал қилинади. Тўғри, транзит маҳсулотлар тўғридан-тўғри бизнинг бозоримизга чиқмайди. Лекин йўл давомида турли хавфлар мавжуд. Уларнинг ҳужжатлари текширилади, юклари визуал кўздан кечирилади. 

Таҳлилларга кўра, жорий йил бошидан бери Ойбек чегара божхона постида қўшни Тожикистон Республикасидан мамлакатимизга фитосанитария сертификатсиз ва карантин рухсатномасиз кириш билан боғлиқ 18 та ҳолат аниқланган. Шундан 4 та ҳолатда карантин ости маҳсулот ортилган юк машинасида махсус рухсатномаси йўқлиги сабабли вақтинча тўхтатилди. Қолган 14 та ҳолатда Тожикистондан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар қўл юкида фитосанитария сертификатсиз келгани маълум бўлди. Шу туфайли фуқаролар қўл юки экспортёр давлатга қайтариб юборилган. Қонунбузарлар эса маъмурий жавобгарликка тортилиб, жарима қўлланилган. 

Бундан ташқари, карантин чегара масканларига туташ далалар, боғларда мунтазам назорат ишлари олиб борилади. Сабаби қўшни давлатдан учиб кирадиган ҳашаротлар дастлаб шу далаларга қўнади. Мақсад четдан келиши хавфи бўлган зараркунандаларга қарши самарали кураш чораларини ўз вақтида белгилаш ва ўсимликларни карантин объектларидан ҳимоя қилишдир. 

А.Мусаев, ЎзА.