Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегара ҳудудда савдо-логистика маркази қурилмоқда
10:15 / 2024-02-28

Айни кунларда Фарғона вилояти Бешариқ туманида, Тожикистон билан чегарадаги “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг савдо-логистика маркази барпо этилмоқда.

Бугунги кунда қўшни давлат билан ҳудудлараро турли соҳаларда ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда. Мазкур марказнинг ташкил этилиши ҳам иқтисодий алоқаларда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, 2023 йилнинг март ойида ушбу савдо-логистика маркази пойдеворига рамзий тамал тоши қўйилган эди.

Мазкур савдо-логистика маркази 6 гектар майдонда жойлашиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа қурилишига 86 миллиард сўм миқдорида маҳаллий инвестиция киритилиши режалаштирилган. Мажмуадан 200 та савдо дўкони, меҳмонхона, банк, логистика маркази ва кафе-ресторанлар жой олиши белгиланган. Савдо-логистика маркази ишга туширилиши натижасида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Республикасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдо дўконларига жойлаштирилади ҳамда савдо алоқаларига кенг имкониятлар яратилади. Бу жойда хизмат кўрсатиш соҳасида минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ердаги қурилиш жараёни билан танишди. Марказда тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратилиши, инфратузилмаси борасида қўшимча топшириқлар берилди.

“Собиртепа” массиви ҳудудидаги ушбу савдо-логистика марказининг қурилиши икки қўшни давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш учун муҳим пойдевор бўлади.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири