Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегара-божхона постлари гиёҳванд моддаларни аниқлайдиган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади
17:16 / 2022-02-17

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси (UNODC) вакили Ашита Миттал ва Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма БМТнинг мазкур тузилмаси билан Япония ўртасида тузилган битимни имзолади.

Ушбу ҳужжат асосида кун чиқар юрт ҳукумати томонидан “Марказий Осиёдаги бешта давлатнинг чегара назорати салоҳиятини мустаҳкамлаш учун 4,1 миллион доллар беғараз ёрдам” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ажратиладиган маблағ минтақамиз чегаравий шерик идоралари фаолиятини кучайтириш орқали трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилади.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари дунёдаги энг кўп гиёҳванд модда ишлаб чиқарувчи Афғонистон Республикаси билан чегарадош. Минтақа мамлакатларида чегара назоратини кучайтириш, мавжуд имкониятларни янада мустаҳкамлаш долзарб вазифа. 
Ноқонуний гиёҳванд моддалар ташувининг олдини олишга қаратилган айни ҳамкорлик гиёҳванд моддалар савдосига барҳам бериш йўлидаги жипсликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, Марказий Осиё давлатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади.

[gallery-5797]

Божхона постларидан гиёҳванд моддалар олиб ўтилишига йўл қўймаслик мақсадида энди Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон чегаралари замонавий техника воситалари, махсус жиҳозлар билан таъминланади. Хусусан, лойиҳа доирасида минтақадаги беш давлат ҳудудида жойлашган 12 божхона пости жиҳозланиши кўзда тутилмоқда.

- Яқин икки ҳафтада давомида махсус дастур тайёрланади ва март ойидан амалий иш бошланади, - деди БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси координатори Юсуф Қурбонов. - Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун 24 ой керак бўлади. Белгиланган маблағнинг 70 фоиздан кўпроғи чегара ҳудудлари ва божхона постларига замонавий ускуна, техника воситалари ўрнатишга йўналтирилади. Бундан ташқари лойиҳа доирасида Марказий Осиё давлатларида семинар, малака ошириш курси ва конференциялар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирок этган тадбирда лойиҳа ҳақида батафсил маълумот жамланган тақдимот намойиш этилди.

Гўзал Сатторова,
ЎзА мухбири