Сирдарё вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги “Сирдарё” чегара божхона постида фавқулодда вазиятларда идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш мақсадида кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.
Тактик машқ жараёнида шартли равишда чегара орқали контрабанда йўли билан олиб ўтилмоқчи бўлган ионлаштирувчи нурланиш манбалари аниқланган ҳолат муҳокама қилинди. Мазкур сценарий асосида фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими (ФВДқТ) хизматлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида амалий ҳаракатлар намоён этилди.
[gallery-22752]
Машғулотда божхона, чегара, Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ), Ички ишлар бошқармаси (ИИБ), Миллий гвардия (МГ), Санитария-эпидемиология хизмати (СЭО), санитария-экспертиза бўлими (СЭБ) ва жамият саломатлиги бўлими (ЖСБ) ходимлари иштирок этди. Умумий ҳисобда 81 нафар мутахассис ва 10 та махсус техника жалб этилди.
Тадбир давомида санкцияланмаган нурланиш манбалари билан боғлиқ вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш, ходимлар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, вазифаларни мувофиқлаштириш, махсус воситалардан самарали фойдаланиш ва эвакуация ишларини амалга ошириш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.
– Бу каби ўқув машғулотлари, аввало, турли фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлаш, давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда жанговар шайликни оширишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Давронбек Сулаймонов.
Машғулот якунида иштирокчи ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида назарий ва амалий жиҳатлар атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилган фикр ва мулоҳазалар асосида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири