Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегара билмас, ҳудуд танламас экологик муаммоларни яшил бойликлар юмшатади
12:32 / 2025-09-15

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланганига беш йил бўлмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган бу эзгу ғоя ҳудудларни яшил бойликларга буркаб, халқимизни ўтмишдаги аждодларимиздек она табиат билан бақамти яшашга ундамоқда.

Сурхондарё вилояти ҳам ўзининг гўзал табиати, асрларга тенгдош турли дов-дарахтлари билан дунё аҳлини мафтун этиб келган. Афсуски, теварак-атрофга номақбул муносабатимиз сабабли узоқ йиллар борлиқ кўз ўнгимизда тўзиб, дов-дарахтлар таназзулга юз тута бошлади. Чунки, она табиат инъом этган ноёб бу неъматларни ўйламай кўкка совуришга одатландик. Боғларга хусусий мулк мақоми берилиши ҳам дов-дарахтлар қўпорилишига олиб келиб, Сурхон воҳасида илгари кузатилмаган “ўтин бозор”ларини пайдо қилди. Зеро, атрофимизни ўраб турган бу турфа оламнинг ҳар бир неъмати инсон учун яратилганини, чексиз-чегарасиз, бепоёндек туюлган бу заминда ҳамма нарса ўлчовли эканини ўйламай қўйдик. Буюк аждодларимизнинг табиатдан фойдаланишда тежамкор бўлишга, исрофгарчиликка йўл қўймасликка уқтирувлари мазмун-моҳиятини эсдан чиқаргандек бўлдик.

Президентимизнинг бевосита ғояси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кеч бўлса-да, бу хатоларни тузатишга, дуч келаётганимиз­ турли экологик нохушликлар гирдобидан чиқишга, чўлланиш, экотизимлар емирилиши, ўрмонлар камайиши, иқлим ўзгариши, тупроқ, ҳаво, сув ифлосланиши каби ҳолатларни ўнглашга қулай муҳит, катта имконият яратди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қила бошлади. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланиб, яшил бойликларни кенгайтиришга, теварак-атрофни боғ-роғларга буркашга эътибор кучайтирилди. 

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошлангач, ўтган беш йилда воҳада 42 миллион тупдан ортиқ кўчат экилди. Лойиҳанинг биргина жорий йил баҳор ва кузги мавсумлари учун 16 миллион 28 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатларини ўтқазиш режалаштирилиб, дастлабки мавсумда ўн миллион 25 минг туп кўчат қадалди.

– Мамлакатимизда шу пайтгача ҳам ҳар йили кўчат ўтқазиларди, – дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. – Бироқ, бу юмушнинг эга-кесими йўқ эди. Эндиликда соҳада ишларни ташкил этишнинг аниқ молиявий манбалари, кўчат экиш даврлари, майдонлари белгилаб берилди. “Йўл хариталари” тузилмоқда. Масалан, бу йил баҳорги мавсумда асосан вилоят ҳудудидаги автомобиль ва темир йўл бўйида иҳотазорлар ташкил этишга эътибор қаратилди. Шунга кўра, воҳадаги М-39 “Олмата-Бишкек-Тошкент-Термиз” халқаро автомобиль йўлининг Термиз, Ангор, Музработ ҳамда Шеробод туманлари ҳудудидан ўтувчи 61 километр қисмига манзарали дарахт кўчати экиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилди. Мазкур йўл ёқалаб икки томонлама 300 минг тупга яқин кўчат ўтқазилди. Шунингдек, М-41 халқаро автомобил йўли атрофида ҳам кўчат экиш ишлари амалга оширилди.

Воҳада кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари жараёнида янги ҳаракатлар бўй кўрсатиб, томчилатиб суғориш тизимлари барпо этилмоқда, табиатга меҳр-муҳаббат юксалмоқда. Хусусан, М-39 халқаро автомобиль йўли атрофидаги 122 километр майдонда суғориш тизими ташкил этилди. Бунинг учун 32 та суғориш ҳовузлари қурилиб, ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилади. 

– Лойиҳа доирасида “Менинг боғим”, “Яшил боғ”, “Яшил белбоғ”лар яратилаётгани ҳам қувонарлидир, – дея суҳбатни давом эттиради Баҳодир Урунов. – Биргина ўтган кузги кўчат экиш мавсумида ҳудуди 17,8 гектар бўлган 9 та “Яшил боғ”лар ташкил этилди. Вилоят ҳудудида атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича 85 та йирик саноат корхонаси атрофида 500 минг туп кўчат ўтқазилиб, “Яшил белбоғ” яратилди. Жорий кузги мавсумда яна 300 минг туп кўчат экилади. “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича ҳудуди 22,5 гектар бўлган 14 та жамоат боғи яратилди.

Умуммиллий лойиҳа вилоятда чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳарорат кўтарилишининг олдини олишга қаратилган ташаббусни ҳам илгари сурди. Шу мақсадда Термиз, Жарқўрғон, Ангор туманларини боғловчи 15минг гектар ҳудудни эгаллаган “Каттақум” массивида  яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишга киришилиб, ўтган даврда 80 тонна саксовул уруғи, 100 минг туп саксовул кўчати экилди. Жарқўрғон туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массивига туташ бўлган 350 гектар чўл ҳудудда ҳам саксовулзорлардан иборат яшил қоплама ташкил этилди.

Жорий йилнинг кузги кўчат экиш мавсумида “Афғон шамоли” ҳамда қум бўронларига қарши Термиз тумани ҳудудида 37 гектар бўлган 4,5 километр масофада яшил белбоғ ташкил этиш учун 16 минг тупдан ортиқ дарахт, 3 минг тупдан зиёд бута кўчати экиш мўлжалланмоқда. Ҳар йили экилган кўчатлар “яшил макон” электрон платформасига киритиб борилаётгани, экилган кўчатларнинг парваришига масъул шахслар далолатнома асосида бириктирилаётгани ҳам лойиҳа том маънода умумхалқ ҳаракатига айланганини намоён этаётир.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳали ҳам кўчат ўтқазишда иқлим шароитини, суғориш манбаларини ҳисобга олиш ва экилаётган кўчатларни парваришлашда камчиликлар йўқ эмас. Мисол учун, шу йилнинг ўзида масъул шахсларнинг беэътиборлиги сабабли 23 минг 635 туп кўчат қуриб қолган. Мазкур ҳолат юзасидан 55 та мансабдор шахсга нисбатан тегишли чора кўрилган. Айрим ҳудудларда ҳудуднинг иқлим шароити ўрганилмасдан кўчат экилиши, кўчат экиш жараёнида суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларга кўчат экилгани ҳам не-не умидлар билан қадалган ниҳолларнинг қовжираб қолишига олиб келмоқда.

Вилоятда лойиҳанинг жорий йил кузги мавсумида бу муаммоларга йўл қўймаслик юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинаётгани, шўр ва қурғоқчил ҳудудларга мос кўчатлар экиш кўзда тутилаётгани аҳамиятлидир. Зотан, воҳани яшил бойликларга буркаш наботот оламини бойитишга, чегара билмас, ҳудуд танламас экологик муаммоларни юмшатишга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири