Оддийгина кундалик турмушимиздан ҳосил бўладиган чиқинди билан боғлиқ муаммолар занжир бўлиб, сув, тупроқ, атмосфера каби асосий тириклик унсурларига улкан зарар етказувчи хавф манбаига айланди. Табиатдан бизга инъом этилган сувни эса аллақачон беқадр неъматлар сафига қўшиб қўйганмиз. Дунё тажрибасига назар ташланса, аҳоли томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш орқали экологик муаммоларга бироз ечим топилмоқда.
Шу билан бирга мавжуд қонунчиликка кўра, соҳада тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида чиқинди бўйича тўловлар электр энергияси тўловлари тизими билан боғлаб қўйилди. Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши билан аҳоли томонидан тўловлар миқдори бир ой ичида 20 фоизга ошиб, дебитор қарздорлик кескин камайишига эришилди.
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази директори Шарифбек Ҳасанов чиқиндини қайта ишлаш орқали экологик муаммоларни қисқартириш масалалари хусусида ўз фикрларини билдирди.
– Мамлакатимизда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш уларни хар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, бугунги кунга келиб санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш 70 фоиз хусусий сектор томонидан амалга оширилмоқда. Санитар тозалаш хизматлари учун аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш ва дебитор қарздорликларни қисқартириш, электрон тўлов тизимида истеъмолчилар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотларга эга бўлиш учун “Тоза макон” биллинг электрон давлат ахборот тизимининг дастурий таъминоти ишлаб чиқилди ҳамда мазкур тизим Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, божхона ва чегара органлари, Кадастр агентлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти маълумотлар базаси ҳамда “Электрон ҳукумат” дастури билан интеграция қилинди.
Шунингдек, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мавжуд қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва қарздорлик тўғрисида СМС хабарнома юбориш тизимлари йўлга қўйилди. Янги тизим бир қатор электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинди.
Сир эмаски, шу пайтга қадар тиббиёт чиқиндиларининг полигонга ташланиши оқибатида атмосфера ҳавосига 400 минг тонна иссиқхона гази ҳамда 43 минг тонна сизот суви ажралган. Бу эса аҳоли ўртасида турли касалликлар келтириб чиқарган. Эндиликда тиббиёт чиқиндиларини ёқиш орқали муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш борасида АҚШнинг “Sayar” компанияси билан 115 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан 1,5 миллиард сўмга яқин бюджет маблағлари тежалиб, ҳосил бўлаётган зарарли газлар, аҳоли ўртасида турли касалликлар сони кескин қисқаради. Шу билан бирга, Бирлашган Араб Амирликларининг “Tadweer”, Хитой Халқ Республикасининг “China CAMC Engineering” ва “Shanghai SUS Environment” ҳамда Россия Федерациясининг “ЭкоВектор” компаниялари билан аниқ келишувларга эришилиб, умумий қиймати 320 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция олиб кирилиши кутилмоқда.
2024-2026 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш мақсадида республика бўйлаб ҳудудларда 2 тадан жами 28 та экологик тоза материалдан тайёрланган, қуёш панели ўрнатилган ва барча шароитларга эга чиқинди тўплаш шохобчалари ташкил этилиб, унда чиқиндиларни “қайта ишланадиган”, “қайта ишланмайдиган” ва “озиқ-овқат” тоифаларига ажратган ҳолда саралаб йиғиш ҳамда санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олиш тажрибаси йўлга қўйилди.
Йил бошидан буён жами 230 та кузатув камераси ўрнатилиб, йил якунига қадар уларни 300 тага етказиш режалаштирилган. Жорий йилнинг айни кунига қадар ушбу камераларда 11 мингта хуқуқбузарлик ҳолати қайд этилди. Аҳоли мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида чиқинди масалаларига доир 1205 ҳамда 1275 қисқа рақамларга эга cаll-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Биринчи ярим йилликда жами 1 минг 529 та қўнғироқ келиб тушган.
Шунингдек, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мавжуд қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва қарздорлик тўғрисида СМС хабарнома юбориш тизимлари йўлга қўйилди. Янги тизим бир қатор электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилинди.
Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқиб кетилишини таъминлаш мақсадида санитар тозалаш корхоналари тасарруфидаги мавжуд жами 4 минг 194 та автотранспорт воситасидан 3 минг 450 тасига GPS қурилмалари ўрнатилди. Эндиликда мазкур GPS қурилмалари марказнинг биллинг тизимига боғланиши натижасида кўрсатилмаган хизматлар учун асоссиз тўловлар ҳисобланишининг олди олиниб, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг масъулияти янада оширилади.
Санитар тозалаш хизматлари билан аҳоли қамров даражасини ошириш мақсадида жорий йил Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 6,4 миллион АҚШ долларига тенг 67 та техника санитар корхоналарига лизинг шартлари асосида фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, марказ томонидан умумий қиймати 20,4 миллиард сўм бўлган 30 та техника санитар корхоналарига лизинг шартлари асосида фойдаланишга топширилди.
Инсонларга таъсир этувчи энг катта ташқи омил бу табиат эканини барчамиз яхши англаймиз. Афсуски, чегара билмас экологик муаммолар келиб чиқишига ҳам инсониятнинг ўзи сабабчи. Шундай экан, ўзимизда экологик муаммоларга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириб, хонадонимиздан чиқадиган ва қайта ишланадиган чиқиндиларни саралаш орқали ислоҳотни аввало ўзимиздан бошлайлик.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА