Франция Президенти Эммануэль Макрон мудофаа вазири Себастьен Лекорнюни Бош вазир этиб тайинлади. Елисей саройи сешанба оқшомида эълон қилган баёнотда айтилишича, ҳукуматнинг янги раҳбари парламентдаги сиёсий кучлар билан маслаҳатлашиб, бюджет қабул қилиш ва муҳим қарорлар бўйича келишувга эришиш вазифасини зиммасига олган.
Аввал ҳам ушбу лавозимга асосий номзод сифатида тилга олинган Лекорню истеъфога чиққан Франсуа Байрунинг ўрнини эгаллади. Мазкур муҳим ўзгариш мамлакатни фалаж қилишни кўзлаган кенг кўламли норозилик намойиши арафасида эълон қилинди.
Яшиллар партияси раҳбари Марин Тонделе Макронни партиялар билан маслаҳатлашмасдан Бош вазир тайинлашда айблаб, “жавоб кўчаларда берилади” деди.
Чап қанот етакчиси Жан-Люк Меланшон ижтимоий тармоқда “фақат Макроннинг кетишигина парламент ва сайловчиларга нисбатан ҳурматсизлик комедиясини тугатиши мумкин”, дея ёзув қолдирди.
Ўнг радикал етакчи Марин Ле Пен эса “Президент охирги ўқини отяпти” дея истеҳзо қилди ва бўлажак муддатидан олдинги сайловда ўз партияси вакили Жордан Барделла ҳукумат тепасига келишини таъкидлади.
Лекорню аввало мамлакат бюджети билан боғлиқ муаммони ҳал қилиши керак. Франциянинг давлат қарзи 3,3 триллион еврога етган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 114 фоизига тенг. Ўтган йил камомад 5,8 фоизни ташкил этиб, Европа Иттифоқи белгилаган 3 фоизлик чегарадан қарийб икки баробар ошган.
Байру курсини тарк этишидан олдин харажатни 44 миллиард еврога тушириш режасини илгари сурди, аммо бу таклиф парламентда етарли қўллаб-қувватланмади. Энди бу масалани ҳал этиш Лекорню зиммасида қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА