Чавандозларимизни Шаржада жиддий синов кутмоқда
Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида Халқаро от спорти федерацияси (FEI) томонидан конкур бўйича “Sharjah FEI Group VII Final – Young Horses & Sharjah CSI3*” халқаро турнири ўтказилмоқда.
Турли мамлакатдан келган от спорти бўйича терма жамоалар аъзолари қаторида ушбу мусобақада Баҳромжон Ғозиев, Бекзод Қурбонов, Феруз Абдуллаев, Абдураҳмон Абдуллаев ва Акбар Шарипов каби чавандозларимиз иштирок этади. Мазкур нуфузли турнир доирасида CSI3*, CSIYH1*, CSIY-A ҳамда CSIJ-A (Outdoor ва Indoor) тоифалари бўйича беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал терма жамоамиз аъзолари айнан Шаржа шаҳрида ўтган “Sharjah Nation Cup” халқаро мусобақасида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича CSIO4*, CSI1* (indoor), CSIYH1* (outdoor), CSIOY (outdoor), CSIOJ (indoor) ҳамда CSIOCh (indoor) тоифаларида муваффақиятли иштирок этган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА