Чавандозларимиз Қозоғистонда тенгсиз бўлди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Евроосиё лигаси халқаро мусобақаси ўтказилди. Ушбу тадбирда Евроосиё минтақасининг етти давлатидан энг кучли чавандозлар иштирок этди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, турнирнинг 140 см. баландликдаги тўсиқлардан от сакратишда ўзбек чавандозларига тенг келадигани топилмади.

Жумладан, Хуршид Алимжонов “Champions League” лақабли отида олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Акбар Шарипов “Afir” номли отида кумуш, Бекзод Қурбонов эса “Matts V.G” лақабли отида бронза медалига эга чиқди.
Мусобақанинг 125 см. баландликдан от сакратиш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Хуршидбек Алимжонов кумуш медални қўлга киритди. Ушбу йўналишдаги олтин ва бронза медаллари қозоғистонлик Андрей Тряпицин ҳамда Даяна Онаевага насиб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА