Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида от спортининг тўсиқлардан сакраш — конкур йўналиши бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. FEI расмий тақвимига киритилган ушбу нуфузли турнир дунё от спорти мухлислари эътиборини ўзига жалб этди.
Мусобақа доирасида CSI4-W, CSI2*, CSIU25-A, CSICH-A, CSIYH, CSIAm-A ва бошқа тоифалар бўйича баҳслар ташкил этилди. Қатор етакчи давлатлардан келган спортчилар билан бирга Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам мусобақада муносиб иштирок этди.
Хусусан, Баҳромжон Ғозиев, Феруз Абдуллаев, Бекзод Қурбонов, Абдураҳмон Абдуллаев ҳамда Акбар Шарипов юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Мусобақанинг илк кунида CSIU25 тоифасида Акбар Шарипов учинчи ўринни эгаллади. Иккинчи куни эса Абдураҳмон Абдуллаев CSIU25 тоифасида иккинчи, CSI2* тоифасида тўртинчи ўрин билан мусобақани якунлади. Шунингдек, Акбар Шарипов яна бир бор CSIU25 тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг мазкур мусобақадаги натижалари мамлакатимизда от спорти, хусусан конкур йўналиши изчил ривожланиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА