ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорабайир отлари чапдаст, яхши дўст, маслакдош ва вафодор жонивор. Шунинг учун ҳам айнан юртимизда қорабайир отларини кўпайтириш, кишиларда ушбу отга бўлган меҳрни ошириш мақсадида Сурхондарёда Миллий гвардия Қорабайир отлари маҳорати мактаби ташкил этилган.
– Мазкур мактабда от спортининг тўсиқлардан сакраш, поло, от пойгаси, от устида кураш, улоқ-кўпкари турлари ва замонавий бешкураш бўйича ёшлар ва ўсмирлар учун ўқув-машғулот жараёнлари доимий равишда олиб борилади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорабайир отлари маҳорат мактаби матбуот котиби Хумойиддин Жўраев. – Бундан ташқари, вилоят шаҳар ва туманларида жами 18 та от спорти секциялари фаолияти ташкил этилган бўлиб, уларда жами 444 нафар ёш от спорти билан мунтазам шуғулланмоқда.
Шунингдек, Қорабайир отлари маҳорат мактабида йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан ноёб зотли спорт отлари ҳамда Қорабайир наслдор от зотларини урчитиш ва кўпайтириш йўлида бир қанча тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-23186]
Куни кеча чавандозлар мактаблари ўртасида от спортининг поло тури бўйича минтақавий Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилояти жамоалари ўртасида ўтказилган мусобақа ҳам ушбу спорт турини оммалаштириш мақсадига қаратилди.
Мусобақага Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, вилоят Йилқичилик ва Улоқ кўпкари федерацияларидан меҳмонлар ташриф буюрди.
Мазкур саралаш босқичида Миллий гвардия Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари Чавандозлар мактаблари ҳамда Қашқадарё Қорабайир отчилик мажмуаси, Сурхондарё Қорабайир отлари маҳорат мактаби жамоалари ўзаро беллашди.
Мусобақа якунига кўра, Миллий гвардия Қашқадарё вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Миллий гвардия Қорабайир отлари маҳорат мактаби жамоаси иккинчи, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА