Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича CSI4 таснифидаги халқаро мусобақада Ўзбекистон байроғи сарбаланд бўлди.
Дунёнинг 91 нафар маҳоратли чавандозлари қатнашган баҳсларда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Қурбонов “Santos Hippica” лақабли тулпор билан 135 см. баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида олтин медални қўлга киритди.
– Ушбу турнирда ғалаба қозонганимдан хурсандман. Йил якунига қадар Шаржа ва Абу-Дабида турнирлар бор. Шаржадаги мусобақа ушбу ҳафтанинг сўнгги кунларида ташкил этилса, конкур баҳслари келгуси хафта Абу-Дабида ўтказилади. Ушбу мусобақалар келгуси йили АҚШда ўтадиган жаҳон кубогига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади, – дейди телефон орқали мулоқотда Бекзод Қурбонов.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз аъзоси Б.Қурбонов келгуси йили АҚШнинг Техас штатида ўтадиган жаҳон кубоги финал босқичи йўлланмасига эга чиққан чавандоз ҳисобланади.
Т.Рўзиев, ЎзА