Чавандоз Ҳаким Зарипов салкам 100 ёшда ҳам тетик, бардам юрар эдилар. Ўзбекистон цирк санъатини жаҳонга машҳур қилган бу инсон 95 ёшида ҳам отдан тушмаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбекцирк” давлат муассасасида Ўзбекистон халқ артисти, моҳир чавандоз, “Ўзбекистон йигитлари” чавандозлар жамоаси раҳбари Ҳаким ота Зарипов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбирда маданият вазирининг маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг табригини ўқиб берди.
Ҳаким Зарипов 1924 йил 17 сентябрда Тошкентда цирк артистлари сулоласининг асосчиси бўлган Карим Зарипов хонадонида дунёга келган. Унинг ота-онаси Карим ота ҳамда Муборак ая ўзбек цирк санъатининг тамал тошини қўйган инсонлардан эдилар.
[gallery-19320]
Ҳаким ака беш ёшидан чавандозлик қилган. 1938 йилда отаси Карим Зарипов бошчилигидаги “Ўзбекистон чавандозлари” ижодий жамоасида циркдаги фаолиятини отлиқ-чавандоз сифатида бошлаган. Бу жамоа дастурининг ўзига хослиги шундаки, унда бир эмас, кўплаб отлар воситасида ғоят бетакрор ва ўзига хос цирк номерлари тайёрланарди. У 1952 йилдан 2006 йилгача ана шу жамоани муваффақиятли бошқарди. Мазкур жамоа билан Россиянинг кўпгина шаҳарлари ва кўплаб хорижий мамлакатларда – Болгария, Польша, Чехословакия, Германия, Руминия, Монголия, Венгрия, Финляндияда хизмат сафарларида бўлган.
Ҳаким Зарипов Глиэр номидаги Тошкент мусиқа мактабини (ҳозирда Глиэр номидаги Республика махсус мусиқа академик лицейи), кейинчалик Тошкент консерваториясининг (айни кунда Ўзбекистон давлат консерваторияси) дирижёрлик факультетини (симфоник бўлимини) тамомлаган.
У цирк жамоалари, дастурлари, турли циркларнинг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритган. Шунингдек, янги цирк қурилиши лойиҳалари ҳаммуаллифи саналади.
Кўплаб цирк артистларини тайёрлаган. “Ўзбекистон чавандозлари” ансамблини қайта тузган ва у ерда шогирдларига отларни ўргатиш ва чавандозлик сирларини ўргатган. Шу пайтгача кўпгина цирк артистларига устозлик қилган.
Хотира кечасида Ўзбекистон халқ артисти Ҳаким Зарипов ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди. Цирк, рақс ва мусиқа намуаларидан иборат қизиқарли дастур томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА