French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чашмаи Мирондаги кўприк қачон таъмирланади?
09:58 / 2026-01-20

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида жойлашган Чашмаи Мирон маҳалласи тоғли ҳудудда қад ростлаган, табиати бетакрор масканлардан бири ҳисобланади. Бу ерда аҳолининг асосий даромад манбаи чорвачилик ва боғдорчиликдир.

Ҳудуднинг табиий шароити мазкур соҳалар ривожи учун айни муддао: ширин сув манбалари, салқин ва мусаффо ҳаво, унумдор тупроқ ҳамда тоғ ёнбағирларида чорва учун мўл озуқа мавжуд. Айниқса, Чашмаи Миронда етиштирилаётган олмалар ўзининг сифат ва таъми билан бутун республика бозорларида харидоргир маҳсулот сифатида танилган.

Қишлоқ марказида қадимий Чашмаи Мирон булоғи жойлашган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, булоқ суви олис масофадан сопол қувурлар орқали келтирилган бўлиб, йил давомида узлуксиз оқади. Қиш фаслида илиқ, ёзда эса муздек. Қишлоқ номи ҳам айнан шу булоқ билан боғлиқ.

Маълум қилинишича, булоқ атрофи азал-азалдан аҳоли дам оладиган маскан ҳисобланган. Оқсоқолларнинг таъкидлашича, Бухоро амирлиги даврида ҳам амирлар баҳор ва ёз ойларида ушбу ҳудудда ҳордиқ чиқаришган. 

Қишлоқ ҳудудидан Кичик Ўра дарёси оқиб ўтиб, уни икки қисмга ажратади. Дарё устида ўтган асрнинг 90-йилларида ҳашар йўли билан барпо этилган кўприк ҳозирда жиддий таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Вақт ўтиши билан бу ҳолат аҳоли учун тобора кўпроқ ноқулайлик ва хавф туғдирмоқда. 

Аҳолининг мурожаатлари асосида ҳудудга чиқиб, мавжуд муаммолар жойида ўрганилди. 

– Кўприк масаласида неча йиллардан бери мурожаат қилиб келамиз, аммо натижа кўринмаяпти, – дейди маҳалла фахрийларидан Самад Мустафоев. – Кейинги йилларда маҳалламизда ижобий ўзгаришлар кўп. Йўлларимиз яхшиланяпти, поликлиника барпо этилди, мактаб ва боғчалар қурилди. Фақат мана шу кўприк масаласи ҳамон хавфлилигича қолмоқда. Авария ҳолатига келиб қолган. Ўтган йили бир йигит мотоциклда ўтаётган пайтда тушиб кетиб, ногирон бўлиб қолди.

Металл рама устига қалин ёғочлар териб чиқилган бу кўприкнинг айрим жойларида ёғочлар чириб, уваланиб туша бошлаган. Ҳақиқатдан ҳам, аҳвол ачинарли.

– Кўприк қурилганига 30 йилдан ошди, – дейди маҳаллий аҳоли вакили Нуриддин Одинаев. – Нариги томондан болалар мактаб ва боғчага қатнайди, шифохонага келиб-кетиш бор, тўй-маъракаларимиз ҳам шу йўл орқали ўтади. Баҳорда Кичик Ўра дарёси тўлиб, катта сув келганда ўтиш ниҳоятда хавфли бўлади. Устига-устак, кўприк тепасидан юқори кучланишли электр линияси ҳам ўтган.

Бугун маҳаллада 3 минг нафардан зиёд аҳоли, 530 та хўжалик истиқомат қилади. Улар дарёнинг икки томонига жойлашган. Кундалик ҳаёт – мактаб, боғча, шифохона, бозор барчаси шу кўприкка боғлиқ.

– Чашмаи Мирон ҳудуддаги марказий манзиллардан бири, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Сайфулло Одинаев. – Қўшни Сурхондарё вилояти Бойсун туманига ҳам айнан шу кўприк орқали ўтилади. Дарёнинг нариги томонида 150 дан ортиқ хўжалик бор. Муаммо ўрганилиб, туман масъулларига етказилган, аммо ҳали натижа йўқ. Асосан, маҳалламизда ўзгаришлар кўп. Электр тармоқлари янгиланди, йўллар асфальтланди, артезиан қудуғи қазилди, бетон лотоклар ўрнатилди. Лекин кўприк масаласи ҳамон оғриқли. Тоғ олди ҳудуд бўлгани учун ёғингарчилик кўп, бундай пайтларда ҳатто тез ёрдам машинаси ўтишга қийналади.

[gallery-27194]

Масала юзасидан туман масъулларидан изоҳ олдик.

– Чашмаи Мирон маҳалласида Кичик Ўра дарёси устидаги кўприк билан боғлиқ муаммо бизга яхши маълум, аҳолининг эътирози ўринли, – дейди Деҳқонобод тумани ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Фарҳод Чориев. – Ушбу объект жорий йилги дастурга киритилган. Ўтган йили туманда 40 дан ортиқ кўприк таъмирланди. Жорий йилда эса Бошчорбоғ, Чилгаз ва Чашмаи Мирон маҳаллаларидаги кўприкларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу борада тегишли ишлар бажарилишига кафолат берамиз.

Аҳоли вакиллари маҳалладаги ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, кўприк муаммоси йиллар давомида уларни қийнаб келаётганини яширмайди. Улар замон талабларига мос, хавфсиз ва мустаҳкам кўприк қурилиши учун давлат томонидан етарли маблағ ажратилишига умид боғламоқда. Чунки бу масала фақат қулайлик эмас, балки инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқдир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари