ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ёшлар, айниқса хотин-қизларнинг иқтидорини ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти эса истеъдодли, билимли ва ташаббускор қизларнинг меҳнатини юксак қадрлаш рамзи сифатида аҳамиятли саналади.
Бугунги кунда ушбу мукофот соҳиблари турли соҳаларда фаолият юритиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шулардан бири – пойтахтлик Чаросхон Маратова.
Ч. Маратова болалигидан мусиқа ва чет тилларига қизиқиш билан шуғулланиб, ота-онасининг қўллаб-қувватлаши туфайли нафақат санъат, балки тил ўрганишда ҳам юксак натижаларга эришди. Бугун у ўзбек, рус, инглиз, корейс ва япон тилларини мукаммал билади. Турли миллат ва маданият вакиллари билан эркин мулоқот қилиш, халқаро тажриба алмашиш унинг шахсий ва касбий камолотига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Чаросхон фортепианода маҳорат билан куй чалади. 2014 йил Парижда ўтказилган Николай Рубинштейн номидаги халқаро фортепиано танловида 3-ўринни эгаллаши унинг санъат соҳасидаги салоҳиятини намоён қилди. 2015 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши эса унга янада улкан мақсадлар сари интилиш учун илҳом берди.
2019 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг корееведение факультетига давлат гранти асосида қабул қилинган Чаросхон корейс тили филологияси ва педагогикаси йўналишида таҳсил олди. Талабалар алмашинув дастури орқали Жанубий Кореяда бир йил давомида таълим олди ва халқаро тажриба орттирди.
Хориждаги таҳсил унга нафақат билим, балки кенг дунёқараш ва мустақил фикрлаш тажрибасини берди. Шу билан бирга, юртимизда ёшлар, айниқса хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятларнинг аҳамиятини янада теран англади.
[gallery-27938]
Бугунги кунда у халқаро “Cenomi Retail” компаниясида кадрлар бўйича етакчи мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Компания Inditex тармоғига кирувчи Zara, Zara Home, Massimo Dutti, Oysho, Stradivarius, Pull&Bear ва Bershka каби брендларнинг фаолиятини ривожлантиришда иштирок этади.
Шу билан бирга, Пучон университетининг таълим менежменти йўналиши магистратура босқичида таҳсил олиб, илмий изланишлар, мақолалар ва тезислар устида мунтазам иш олиб бормоқда.
Ч. Маратова учун ютуқ – фақат шахсий муваффақият эмас, балки юрти олдидаги масъулиятдир. У Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади ва билим ҳамда тажрибаси билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни ўзининг асосий мақсади деб билади.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА