Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чарм қўлқоп усталаримиз Олимп йўлланмаси остонасида
10:27 / 2024-03-11

Италиянинг Бусто-Арсицио шаҳрида бокс бўйича “Париж-2024” Олимпия ўйинларига лицензия берувчи мусобақа давом этмоқда. Бугун, 11 март куни ушбу турнирда чорак ва ярим финал баҳслари ўтказилади. Унда 7 нафар боксчимиз рингга кўтарилади

Мусобақада дастлаб вазни 63,5 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Руслан Абдуллаев сербиялик Алексей Сендрикка қарши рингга кўтарилади. Сўнгра -92 кг вазнда Лазизбек Муллажонов ҳам чорак финалда грузиялик Георги Кушиташвили билан жанг ўтказади. -71 кг бўлган Асадхўжа Мўйдинхўжаев мазкур босқичда иорданиялик Зеяд Эашаш билан рақобатлашса, 80 килограммгача вазн тоифасида Олимпиада йўлланмаси учун сўнгги босқичга етиб келган, ёш иқтидорли боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев колумбиялик Хуан Ортиз билан куч синашади.  

Аёллар боксида муваффақиятли одимлаётган вазни -66 кг бўлган ҳамюртимиз Навбаҳор Ҳамидова ярим финал остонасида Доминикан Республикаси вакиласи Мариа Моронта Ҳернандезга қарши жанг қилса, Азиза Зокирова 75 килограммгача вазнда Буюк Британия терма жамоаси аъзоси Чантелле Реидни таслим этиши керак бўлади. Шунингдек, -50 кг вазнда Сабина Бобоқулова япониялик Ринка Киношита билан рақобатлашади. 

Эслатиб ўтамиз, турнирнинг кечаги беллашувларида терма жамоамиз аъзоларидан Сабина Бобоқулова, Тўрабек Ҳабибуллаев Асадхўжа Мўйдинхўжаев ғалаба қозонган эди. Афсуски, 57 килограммгача вазнда иштирок этган ҳамюртимиз Ситора Турдибекова чорак финалда мағлубиятга учради.  

Бугунги жангларда ҳар бир қозонилган ғалаба терма жамоамиз аъзолари учун “Париж-2024” Олимпия ўйинлари йўлланмасини тақдим этади. Баҳслар Тошкент вақти билан саот 17:00 дан сўнг бошланади.  

 Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА