«Ўзчармсаноат» уюшмаси «2016-2020 йилларда чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғининг ривожланиш босқичи» мавзусида матбуот анжумани ўтказди.
Унда экспортбоп, сифатли, тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт салоҳияти ортаётгани, бунда соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, уни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларнинг аҳамияти мавжудлиги алоҳида қайд этилди.
Агар республикамизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида сўнгги беш йилда амалга оширилган инвестиция лойиҳаларига эътибор берадиган бўлсак соҳага жалб қилинган инвестицияларнинг умумий қиймати 446 миллион доллар бўлиб, 2016 йил билан таққослаганда инвестициялар ҳажмининг ўсиш суръатлари 2021 йил якуни билан 13 баробар бўлиши кутилмоқда.
Соҳага 2016 йилда атиги 15,7 миллион долларлик инвестиция жалб этилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, 187,6 миллион долларга етди, 2021 йилда эса 202,0 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
Бу лойиҳаларнинг асосий қисми ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларга мўлжалланган қувватларни модернизация қилиш ҳамда техник қайта жиҳозлашни назарда тутади. Уларни ўз вақтида ва сифатли ишга туширилишини таъминлаш мақсадида Уюшма Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқда.
Тадбирда бу йилда инвестиция дастури доирасида 202 млн. долларлик 112 та лойиҳа ишга тушгани, биринчи ярим йилликда 42 млн. долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши ва 2215 та янги иш ўрни яратилади.
Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари натижасида сўнгги йиллар мобайнида тайёр чарм-пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, мўйна ва қоракўл териси, маҳаллий корхоналар хом ашёси асосида жундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Миллий чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларимизнинг сифати кўтарилди. Янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ўтган йил якунларига кўра соҳа корхоналари томонидан 3 трлн. 647 млрд. cўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 2016 йил билан таққосланганда ўсиш сурати 8 маротабадан ошган.
2021 йил якунлари бўйича «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида маҳаллий товарлар — пойабзал, чарм-атторлик, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари бир неча баробар кўпайиши кутилмоқда.
Мисол учун, 2021 йил якуни билан фақат пойабзалнинг ўзи 115,0 миллион жуфтдан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йилда бу кўрсаткич 10,2 миллион жуфтни ташкил қилган.
Агар 2016 йилда хорижий давлатларга сотилган тайёр чармнинг фақат бир фоизи иккинчи ва учинчи марта қайта ишланган чарм, қолгани яримтайёр маҳсулот бўлган бўлса 2021 йил якунига келиб, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотларнинг экспорти 420 миллион долларга етади.
Ҳозирда Made in Uzbekistan ёрлиғи билан тайёрланган чарм-пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатда ўз харидорини топиб улгурди. Яқин 3-5 йилда Европа ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаларидаги давлатлар билан тўлдирилади. 2021 йил охирига келиб, тармоқдаги экспорт кўрсаткичи 2016 йилга нисбатан 4,1 баробарга ортади.
Тадбирда Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатининг барқарор ривожи ва инвестицион муҳит халқаро брендларни ҳам юртимизга кенг жалб этилаётгани айтилди. Мисол учун, дунёга машҳур Кари бренди яқинда Ўзбекистонда пойабзал ишлаб чиқаришни бошлайди. Ҳозирда 1500 та савдо тармоғига эга компания йилига 50-60 млн. жуфт пойабзални харидорларга етказиб беради. Айни вақтда завод учун Жиззах вилоятида қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган.
Сайёра Шоева, ЎзА