Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида “East West Tanners” компанияси раҳбари Муҳаммад Юнус ва Ҳиндистон Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва дизайн институти бошқарувчи директори Арун Кумар Синха билан учрашув ўтказилди.
Учрашув мамлакатимиз ишлаб чиқариш тармоқларига хорижий инвесторларни жалб қилиш, мутахассислар малакасини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида ташкил этилди. Унда ҳинд томонига Ўзбекистон чарм-пойабзал соҳасидаги мавжуд имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилди, тармоққа оид аниқ лойиҳавий таклифлар тақдим этилди.
“East West Tanners” компанияси раҳбари М.Юнус чарм-пойабзал соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Бу борада соҳага малакали мутахассислар етказиб бериш ва уларни тизимли равишда қайта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳиндистон Чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва дизайн институти бошқарувчи директори Арун Кумар Синха Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан тегишли йўналишларда ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканини маълум қилди.