ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманида “Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг ўқитилишини ташкил этишга тайёрлаш” мавзуида вилоят семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ғурумсарой маҳалласидаги 16-умумтаълим мактабида Чақирувга қадар бошланғич таълим ўқув хонаси, саф тайёргарлик майдони, тўсиқлар йўлаги ва ўқ отиш хоналари Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда тегишли талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, мазкур намунадаги хоналарни йил якунига қадар бошқа мактабларда ҳам ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш режа қилинмоқда.
[gallery-18919]
Семинарда тегишли мутасаддиларга мактаблардаги хоналарни жиҳозлаш ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитилишини ташкил этиш бўйича кўргазмали воситалар ёрдамида тушунчалар берилди.
Шу куни тумандаги ҳарбий қисмда янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шавкат Абдураззоқов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, вилоят секторлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар мажмуада ҳарбий хизматчилар ва аскарлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА