Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чақар масжиди қачон таъмирланади?
18:22 / 2023-04-13

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида давлат муҳофазасига олинган 25 та архитектура ёдгорлиги мавжуд. Уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиб бериш эса асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Аммо неча-неча асрлар тўфонларида омон қолиб, бизгача етиб келган бу маданий мерос объектларининг аксарияти бугун ниҳоятда ачинарли аҳволга келиб қолгани ачинарлидир.

Шаҳарнинг биргина Чақар маҳалласи ҳудудида қаровсиз аҳволга ташлаб қўйилган учта ана шундай маданий мерос объекти бор. Улардан бири  ХVIII асрда бунёд этилган Чақар масжиди ҳисобланади. Ушбу масжид ўз даврининг ноёб архитектура объектларидан бири бўлган. Бино пишиқ ғиштдан уч томони айвон шаклида барпо этилган. Ичкари қисми кенг зал бўлиб, икки қатор ганчкор устунлар орқали шифт мустаҳкамланган.  

Чақар масжиди тарихи билан боғлиқ маълумотлар кўп эмас. Мустамлака тузум даврида ундан турли мақсадларда фойдаланиб, катта зарар етказилгани маълум. Мустақилликдан сўнг Чақар масжиди давлат муҳофазасига олинган эди. Аммо масжидни таъмирлаш, ободонлаштириш борасида ҳеч иш қилинмаган.  Узоқ йиллар давомидаги қаровсизлик бинони эски ва ташландиқ ҳолатга келтириб қўйган.

[gallery-11444]

– Илгари бир неча маротаба маҳалла аҳлининг ўзи ташаббус кўрсатиб, бинонинг айрим қисмларини таъмирлаш, атрофини ободонлаштирар эди, – дейди Рустам Бегматов. – Бироқ бино меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олингач, аҳолининг уни ўзбилармонлик билан таъмирлашга рухсат берилмади. Лекин давлат томонидан ҳам бирор маротаба таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилгани йўқ. Майли, эндиликда бинодан масжид сифатида фойдаланилмас, лекин чиройли қилиб таъмирлаб қўйилса бу бинони сақлаб қолиш учун ҳам, маҳалла аҳли учун ҳам жуда фойдали иш бўларди.  

Маҳалла одамларининг айтишича, улар тарихий бинони таъмирлаш борасида бир неча маротаба масъулларга мурожаат қилишган, аммо ҳар сафар улар бинони таъмирлаш кейинги йил дастурига тушиши мумкинлигини айтишдан чарчашмайди. Биз ҳам худди шундай жавобни олдик.

Қашқадарё вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Обиджон Ҳамидовнинг айтишича, бу йил вилоятда 10 та маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган. Аммо уларнинг ичида Чақар масжиди йўқ. Айни вақтда шу каби таъмирга энг муҳтож тарихий обидалар рўйхатини шакллантириб, уларни кейинги йил дастурларига киритиш ишлари олиб борилаётган экан.

Албатта, тарихий ёдгорликлар ўтмишнинг ёрқин ва қора кунлари ҳақида бизга ишончли маълумотларни бериб турувчи тирик манбалардир. Уларни асраб авайлаш ва келажак авлодга етказиш эса елкамизда турган муҳим вазифалардан биридир. Йўқса, собиқ тузум давридаги тарихий обидаларни вайрон қилганлардан нима фарқимиз қолади.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.