Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чанг кўчалар, лой кўчалар... (+видео)
14:09 / 2025-07-08

Таҳририятимизга Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Умид Холлиев ва бошқа бир гуруҳ фуқаролар номидан мурожаат келиб тушди. Унда туманнинг “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи 7 километр узунликдаги 4 н-170 “Бойсоми к. - Урганжи к. - Етим к. - Шахобча Қозон қишлоғи” автомобиль йўлининг бугунги ҳолати баён этилган.

Ҳудудда яшовчи фуқароларнинг таъкидлашича, 1984 йилда бу йўлга асфальт ётқизилган. Маҳалла аҳолиси қишда лой кечиб, ёзда чанг ютиб кун ўтказиб келмоқда. Катта ариқ  қазилиб, тупроғи йўлга олиб ташланган. Ташланган тупроқ машиналар балони ва шамол сабаб кўчиб ҳавога кўтарилиб инсонлар ва табиатга зарар етказмоқда. Бу масалада аҳоли томонидан мурожаат қилинмаган бирор ташкилот қолмаган. Аммо, натижа йўқ.

“Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига кириб борар эканмиз, гўзал манзарага гувоҳ бўлдик. Ҳудуднинг бир томони бетонлаштирилган ва ариқда сув оқиб турибди. Иккинчи томонида чиройли уйлар қурилган. Йўллар асфальт қилинган. Шу тариқа йўлимизни давом эттирдик. Афсуски, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Не кўз билан кўрайликки, асфальт ва равон йўллар тугаб, шағал бостирилган ва чангга тўла йўллар бошланди. Йўл бўйида бизни бир гуруҳ мурожаатчилар кутиб олди.

[gallery-24198]

– Бир ой бўлди, мазкур маҳаллага раис этиб сайландим, – дейди Маҳмуд Ваитов. – Ҳудудимиздаги ушбу йўлнинг ярми асфальтлаштирилган, ярми эса шағаллаштирилган. Лекин, йўлнинг мана шу шағаллаштирилган қисмидаги ариқлар ковланиб, тупроқ йўл четига ташланганидан сўнг чанг кўтариладиган бўлган. Бу эса аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Яқинда вилоят ҳокими Ботир Зарипов тумандаги “маҳалла еттилиги” вакиллари билан мулоқот қилди. Унда аҳоли даромадларини ошириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Умуман, маҳаллалардаги ижтимоий, иқтисодий масалалар батафсил кўриб чиқилиб, бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур мулоқотда маҳалламиздаги йўл масаласи юзасидан мурожаат қилдим. Мурожаатим инобатга олиниб, масъул мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. 

– Мазкур йўлнинг 4 километри асфальтлаштирилган, – дейди Қоракўл тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори Феруз Муротов. – Йўлнинг қолган қисмига тош-шағал қопламаси ётқизилган бўлиб, ҳозирда асфальтлаштириш бўйича дастурга киритиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мақсадга 7 417 012 071  минг сўм маблағ йўналтирилган.

Хуллас, автомашиналарнинг тинимсиз қатнови туфайли, ариқдан қазиб олинган тупроқ чанг-тузонга айланиб ҳавога кўтарилмоқда ва маҳалла аҳолисининг ўринли эътирозига сабаб бўлмоқда. Жорий 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинганлиги ҳар битта соҳада, хусусан йўл ободончилиги масаласига ҳам масъулият билан ёндашишни талаб этилмоқда. 

Туман ҳокимлиги мутасаддилари суҳбат давомида аҳоли мурожаатларида тилга олиб ўтилган муаммо ва камчиликлар инобатга олинган ҳолда ҳудуддаги асфальтлаштириш ишлари ҳудудий дастурга киритилганлигини маълум қилди. Ўйлаймизки, мазкур масала тез орада ўзининг ижобий ечимини топади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/k6THaPw2DQc?si=Pe2EutZf2U-KrUnL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари.