Бугунги кунда экологик вазиятларнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бутун дунё аҳолисини ташвишга солмоқда. Хусусан, сув танқислиги, ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ҳамда атмосферада ўта зарарли чангларнинг тарқалишида бевосита корхоналарнинг иштироки юқори.
Чунки саноат зоналарининг кўпайиши ва улардан чиқаётган заҳарли моддалар табиатга ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумки, бундай вазиятда атмосферага чиқаётган зарарли моддаларни камайтириш йўлида зарур тадбирларни амалга ошириш табиатни муҳофаза қилиш соҳаси вакилларининг олдида турган муҳим вазифадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғрисида”ги фармонида Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаш бўйича кескин чоралар кўриш мақсадлари белгиланган.
Хусусан, унда атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш ва аҳолини хабардор қилиш тизимини синов тариқасида жорий этиш каби муҳим масалалар кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига асосан 2024 йил 12 январь ҳолатига кўра Тошкент шаҳрида жойлашган 42 та корхона томонидан чора-тадбирлар режаси тақдим этилган ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та тадбир белгиланган эди.

Шу мақсадда, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани туфайли атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолияти юзасидан экологик мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида Чилонзор туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 70 та корхонага, жумладан, бетон, ун маҳсулотлари, керамика ва кафель, мато-газлама ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди, дейилади Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарида.
Шунингдек, Сергели туманида атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 68 та корхона чанг газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантирилган. Қолаверса, Янгиҳаёт туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб 22 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилган.
Чилонзор, Янгиҳаёт ва Сергели туманларидаги корхоналар ҳудудда ўрганиш ишлари ўтказилиш баробарида экологик норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2022 йилда 2460 та ҳужжатга экологик хулосалар берилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 303 тага кўпайган.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА