Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чанг бўрони хавфлими?
18:31 / 2023-06-21

Кейинги йилларда иқлимнинг кескин ўзгариши туфайли турли табиат ҳодисалари юз бермоқда. Масалан, қишда ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши, баҳор ва ёз ойларида эса кескин кўтарилиши, кучли шамол эсиши ҳамда чанг бўронлари эса кўпчиликни ташвишга солмоқда.

Хусусан, куни кеча мамлакатимизнинг турли ҳудудларида юз берган кучли шамол ва чанг бўрони Қашқадарё вилоятини ҳам четлаб ўтмади. Қарши шаҳри ҳам чанг ичида қолди. Айниқса, вилоятнинг Бухоро билан чегарадош Муборак туманига қарашли Зарбулоқ ва Ғаллакор қишлоқларида ваҳимали тус олди ва ҳудудни тўлиқ қоплади. Ушбу табиат ҳодисаси билан боғлиқ тафсилотларни тўлиқроқ ўрганиш мақсадида манзилга бордик.  

Бу қишлоқлар туманнинг Бухоро вилояти билан чегарадош ҳудудида жойлашган ва икки қишлоқда 200 тага яқин хўжалик, минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Аҳолининг асосий даромади чорвачиликдан. Қишлоқ атрофи қип-қизил чўл. Қарши-Бухоро йўлидан ўнгга қайрилиб кириб борар эканмиз икки томонни юлғунзору саксовуллар қоплаган. Шундай чўлнинг ўртасида қишлоқ борлиги ва у ерда аҳоли яшашини тасаввур қилиш қийин. Қишлоқ аҳолисини узоқ йиллардан буён сув муаммоси қийнаб келади. Улар ичимлик суви сифатида қайноқ булоқ сувидан фойдаланишади. Яъни бошқа ҳудудларда такрори йўқ, иссиқ сувли, шифобахш булоқ бор.  

– Атрофимиз чўл бўлгани учун ҳар йили ҳам бу каби шамол ва чанг тўзонлар бўлиб туради, – дейди Зарбулоқлик Зарима Жумаева. – Лекин бу галгиси бироз кучлироқ туюлди. Очиғи озгина ваҳимага ҳам тушдик. Уйимизнинг том қисми қопламаларга зиён етади деб хавотирга тушдик, шукр талофат бўлмади.  

– Бунақа чанг тўполонларга ўрганиб ҳам қолдик, – дейди Бешим Худойбердиев. – Баъзан ҳафтасига икки уч марта бўрон бўлади. Ундай пайтда уйга кириб оламиз. Биз шу манзилда узоқ йиллардан буён яшаймиз. Лекин охирги йилларда бу каби ҳолатлар кўпаймоқда. Баҳорда ёғингарчилик кам бўляпти. Чўл ўтлари ўсмаяпти. Чорвага зиён етмоқда. Бу ерда сув йўқлиги боис экин қилишга имкон йўқ.  

Собиқ тузим даврида чўлни ўзлаштириш мақсадида аҳоли вилоятнинг турли жойларидан кўчиб келган. Яшаш учун шарт-шароитлар оғирлаша бошлагани боис кўпчилик кўчиб кетган. Айниқса, иккинчи манзил Ғаллакор қишлоғи кимсасиз ташлаб кетилган қишлоққа ўхшайди. 60-70 фоиз уйлар қаровсиз қолдирилган.  

– Кундузги соат 17:30 ва 18:00да осмонни қора булут қоплаб 100 метрлар баландликда балки ундан ҳам баланддир чанг бўрони кириб келди. Узоқдан қараганда анчагина ваҳимали эди. Ўша пайт биз ғалла ўрими билан далада эдик, – дейди Муборак туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш инспекцияси бошлиғи Макон Нормуродов. – Туманимиз чўл ҳудуд ҳисобланади, ҳар йили ҳам бу каби чанг тўзонлар кўтарилиб туради. Чанг тўзони Бухоро томондан Зарбулоқ ва Ғаллакор қишлоқларидан кириб келиб, ундан сўнг туманнинг маркази ҳамда атрофдаги қишлоқлардан ўтиб Қарши шаҳри томон ҳаракатланди.  

Хўш, ушбу табиат ҳодисаси қанчалик хавфли ёки хавфсиз? Бундай пайтда қандай ҳаракатланиш ёки қанақа чора-тадбирларни кўриш лозим? Шу мақсадда вилоят гидрометеорология бошқармаси мутахассисларидан ҳам изоҳ сўрадик.  

– 18-19 июнь кунлари вилоятимизнинг ғарб ва шимоли-ғарбий ҳаво оқимлари ландшафтида кучли шамол кучайиши кузатилди, – дейди инженер метеоролог Илҳом Саидов. – Биринчи навбатда Муборак туманида 18 метр/секунд тезликда шамол эсиб, чангли бўрон кузатилди. Одатда чанг бўронлари шамол тезлиги 15 метр секунддан юқори бўлса, хавфли ҳисобланади. Кўринувчанлик 1000 метргача пасайди. Бу асосан автотранспорт, электр тармоқлари, қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади. Чунки қаттиқ шамол натижасида ўсимликларнинг барглари тўкилади. Кўп ўсимликлар кучсизланиб қолган. Баҳор ойи ҳам иссиқ бўлди. Ёзнинг бошланиши ҳам бениҳоя иссиқ бошланди. Ҳаво қизигандан кейин электр симлар ҳам чўзилиб қолади. Қаттиқ шамол бўлса уларга ҳам анча таъсир этади. Муборакда чангли бўрон кузатилган бўлса, Қарши шаҳрида чангли ғубор кузатилди яъни бу ёққа келгунча кучсизланган ва Шаҳрисабзгача етиб борган.  

Бугун табиат инжиқликлари билан боғлиқ ҳодисаларни бевосита кузатиб, унинг оқибатларини кўриб, табиат инсониятдан ўч олаётгандек бир тасаввур қолдиради.

Донишмандлардан бири айтганидек, ҳеч ҳодиса ўз-ўзидан бўлмайди. Балки, ҳақиқатдан ҳам табиат билан боғлиқ ўзгармас чегараларни аллақачон бузиб ўтгандирмиз.  

Ўлмас Баротов, ЎзА.