Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган триатлон бўйича "Challenge Samarkand-2025" халқаро мусобақасининг асосий баҳслари бўлиб ўтди.
Кейинги пайтда анъанавий тус олган бу йилги мусобақада ўттиздан ортиқ мамлакатдан икки минг нафардан зиёд маҳоратли, жаҳон рейтингида юқори ўринларда турувчи тириатлончи иштирок этди.
Профессионал ва ҳаваскор спортчилар ўрта масофага 1,9 километр сузиш, 86 километр велосипед пойгаси, 21,5 километр югуриш беллашувларида куч синашди.
Иштирокчилар “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳудуди, эшкак эшиш канали, шунингдек, “Боқий шаҳар” мажмуси ва Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари бўйлаб белгиланган масофаларни босиб ўтди.
Натижаларга кўра, профессионал спортчилар баҳсида эркаклар ўртасида Буюк Британия спортчилари Вилл Драпер ҳамда Макс Стаплей маррага биринчи бўлиб етиб келди. Учинчи ўринни сербиялик Огнйен Стоянович эгаллади.
[gallery-24932]
Аёллар баҳсида испаниялик Сара Перез Сала ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар австриялик Амелиа Ваткинсон ва швециялик Анна Бергстенга насиб этди.
Ўзбекистонлик профессионал триатлончилар мазкур баҳсларда иштирок этмади.
Ҳаваскор спортчилар ўртасида ҳам яккалик, жамоавий ва турли ёш тоифасида ғолиблар аниқланди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири