Чаднинг амалдаги ўтиш даври Президенти Муҳаммад Идрис Деби давлат раҳбарлиги учун бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонди. Мамлакат сайловларни ўтказиш миллий агентлиги (ANGE) келтирган дастлабки маълумот шундан далолат бермоқда, дейилган “Франс Пресс” тарқатган хабарда.
Сайловда етакчига ўтиш даври ҳукумати раҳбари, собиқ мухолифатчи Сюксе Масра асосий даъвогар эди.
– Дастлабки ҳисоботга кўра, Идрис Деби 61,03 фоиз, Бош вазир эса 18,53 фоиз овоз олди, – дейилган “ANGE” эълон қилган маълумотда. Энди ушбу натижа Конституцион кенгаш томонидан тасдиқланиши керак. Сюксе Масра сайлов комиссия томонидан овозлар саноғи ошкор этилишини кутмай туриб, ижтимоий тармоқ орқали биринчи даврада ғолиб бўлганини овоза қилди.
40 ёшли Армия генерали Муҳаммад Идрис Деби 2021 йил апрель ойида отаси мамлакат шимолида исёнчиларга қарши жангда жароҳат олиб вафот этгандан бери Чадни бошқариб келмоқда.
Ўша воқеадан кейин ҳарбийлар парламент ва ҳукуматни тарқатиб, 15 кишидан иборат ўтиш даври ҳарбий кенгаши тузилганини эълон қилди. Мамлакатни бошқариш марҳум Президентнинг ўғли зиммасига юклатилди. 2022 йил октябрда ҳарбий кенгаш тарқатиб юборилди ва Муҳаммад Идрис Деби муваққат Президент, деб эълон қилинди.
Ўтган йил охирига келиб, Чадда референдум ўтказилиб, 85 фоиздан зиёд фуқаро янги конституцияни қўллаб-қувватлади. Ўшанда амалдаги давлат раҳбари сиёсий тадбир натижасига баҳо бераркан, мамлакат бошқарувнинг фуқаролик шаклига қайтиш йўлида муҳим қадам ташлади, деган.