Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам, Усмоним Ватан.!!!
15:41 / 2020-05-01

Ватан сўзи атиги беш ҳарфдан иборат.


Ватан сўзи атиги беш ҳарфдан иборат. Лекин замирида олам-олам туйғулар мужассам. Унда миллат, қадриятлар яшайди. Ватан – онамиздек мўътабар. Шу боис ундан узоқлашишимиз ҳамоно дарҳол қўмсаймиз, бир муддат олисда бўлсак, тупроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади.

Чет элдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фарзандлари қалбидан ҳам ана шундай туйғулар кечаётгани аниқ. Улардан бири сўлим Фарғонанинг Қува туманидан Германияга ўқишга борган Жаҳонгир Мирзодир. У ҳозир Франкфурт шаҳрида яшайди. Ёши 25 да. Гиессендаги таълим даргоҳида илм оляпти. Яқинда Германияда қолиб кетган бир кекса ватандошимиз билан учрашиб қолиб, ўша инсоннинг хонадонида меҳмон бўлибди. Хориждаги ватандошимиз Ўзбекистонни шунчалар соғинган эканки, кўзларидан дув-дув ёш оқа бошлабди. Дунёдаги ҳеч бир завқ униб-ўсган водийимнинг, Фарғонамнинг соғинчини босолмайди, дебди у.

Ёки улуғ бобомиз Абдухолиқ Ғиждувоний номи билан аталувчи тумандаги Қуйи Сайдон қишлоғидан борган яна бир ҳамюртимиз Хушиджон Қодировни олайлик. У ҳамиша ота-онаси ва укасининг ҳаёти ҳақида қайғуради. Немис тилини мукаммал ўзлаштиргани мени лол қолдирди. “Кечалари она шаҳрим Ғиждувон тушларимга киради, унинг машҳур кабобларини европоликларга ҳам қилиб кўрсатдим”, дейди Хуршиджон. У минглаб ота-боболаримиз қони тўкилган Берлинда яшайди. Куни кеча 21 ёшга кирди. Умидлари ҳақида шундай тўлқинланиб гапирадики, одам ҳавас қилади. Бу ёшларнинг мароқли суҳбатларини тинглаб, беихтиёр кўзга севинч ёшлари келади. Демак, Ватан, она Ўзбекистон ишончли қўлларда. Унинг эртанги куни янада порлоқ.

Зеро, Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ёзганидек:

Не тонг эди изтироблар заҳрини тотдинг,

Дастурхонда мустар қопти, қанду новотинг.

Абадиёт эрур асли, адабиётинг,

Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам, Усмоним Ватан.!!!

Ўзбекистон ибрат кўрсатди!

Ватанни фақат яхши кунидагина севган одамни ватанпарвар деб бўлмайди. Мана, ҳозиргидай эл бошига иш тушган дамларда халқимизнинг жипслиги, юртга дахлдорлик ҳисси яққол намоён бўлмоқда. Кимлардир ён-атрофидагиларга хайр-саховат кўрсатиш, кимлардир муҳтожларга беминнат ёрдам бериш ва яна кимлардир пандемия шароитида хизмат вазифасини виждонан бажариш билан фуқаролик бурчини оқлаяпти.

Давлатимиз раҳбари эса эл-юртга баҳоли қудрат ғамхўрлик қилиш баробарида, қўшни ва яқин ҳамкор мамлакатларга ҳам беғараз ёрдам қўлини чўзаётир.

Айниқса хитойликларнинг энг оғир кунларида Ўзбекистон халқи номидан самолётларга ортилган юклар Пекинга жўнатилиши манаман деган давлатлар раҳбарларига ҳам ибрат бўлган эса не ажаб?! Ёки ушбу касалликдан ўта жиддий азият чеккан Эрон халқи Ўзбекистоннинг гуманитар кўмаги учун ниҳоятда миннатдор бўлди.

Жафокаш афғон эли ҳам бу борадаги кўмагимиздан четда қолмади. Динимиз, урф-одату ва қадриятларимиз муштарак Тожикистон халқига кўрсатилган беғараз ёрдам эса ён қўшниларимизнинг ҳаётига бефарқ эмаслигингизни яна бир бор кўрсатди. Биродар қирғиз халқи ҳам шундай синовли кунлардаги эзгуликларимиз учун раҳмат айтишди.

Дунё тождор вирус кенг тарқалаётган кезларда чегараларини ёпар экан, Ўзбекистон ўз фарзандларини мусофир юртларда қолдирмади. Шу маънода, минглаб ватандошларимизни Ватанга олиб келиб, карантинда сақлаш, уларга барча шарт-шароитларни яратишнинг ўзи қайсидир маънода қаҳрамонлик эмасми?

Бундан ташқари, жойларда бунёд этилаётган 10 минглаб ўринли касалхоналар, юртдошларимизга берилаётган имтиёзлар, давлат томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофаза қилиниши, буларнинг барчаси инсонпарварлик сиёсатимиз намунасидир.

Сурхон воҳаси — Ватанимизнинг жанубий остонаси. Ҳудуд кейинги уч йилда мутлақо янги қиёфага эга бўлмоқда. Бу ерда одамларнинг ўткир муаммолари босқичма-босқич ўз ечимини топаётир.

Мана, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Денов тумани, шунингдек мазкур ҳудуд маркази ҳисобланган қадимий шаҳарни тубдан қайта қуриш, комплекс ривожлантиришга 3 трлион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Албатта, ушбу эзгу иш деновликларни жуда хурсанд қилди. Негаки, номи етти иқлимга кетган бу шаҳар сўнгги пайтларда чинданам мункайиб қолганди.

Кўчалари тор, қадимий иншоотлари нураган, шаҳарни кесиб ўтувчи ариқ таъмирга муҳтож эди. Шарқу Ғарбда эъзозланган машҳур бозорлари эса бугунги кун талабига умуман жавоб бермай қолганди.

Эсимда, бир неча йил олдин Тошкентда яшовчи танишим қўнғироқ қилиб, Тожикистон чегарасида турганлигини, бирон соатда етиб боришини айтди. Уйдан чиқиб, учрашув манзили сари отланганимда, яна қўнғироқ бўлди. Айтилган жойдаман, машинамдаги қурилма шу ерни шаҳар маркази деб кўрсатаяпти, адашдиммикан, бу жойлар умуман марказга ўхшамайди-ку, деганида этим жимирлаб кетди. Аммо сир бой бермай бордим. Меҳмон наҳотки Денов деган шаҳар шу ер бўлса, деб ажабланиб ўтирган экан. Ёнида чет эллик шериклариям бор экан. Шаҳарнинг абгорлигини кўриб, апил-тапил чой ичишди-ю, хайр-маъзурниям насия қилиб Шаҳрисабзга жўнаб қолишди. Аслида бундай ҳижолатчиликка аввал ҳам тушгандик.

Қўшни мамлакатлар билан борди-келди алоқалари жонланган пайт Чиптура деган жойдан меҳмон келди. Уларни бозор атрофига олиб бордим. Томоша қилишди. Бозордан чиқаётганларида мадрасага кўзлари тушиб, шу қадимий обидани кўрамиз, деб туриб олишди. Юрагим шув этди. Чунки, мадрасанинг аҳволини яхши билардим. Қаранг, Деновнинг 400-500 йиллик тарихидан сўйловчи муқаддас қадамжо қанчалар хароб ва ғариб..... Ахир XV асрнинг охири, XVI аср бошларида бунёд этилган ушбу мажмуа Деновга кўзгу-ку! Чамамда, бу ҳолат уларга ҳам ёмон таъсир қилди.

Мактабда ўқиб юрган пайтларимизда райком, колхоз ва комсомол деган катта-катта жойлардан топшириқ бўлиб, Саид Оталиқ мадрасасини таъмирлашга бир неча бор пул йиғилгани ёдимда қолган. Лекин арзирли иш қилинмади. Ваҳоланки, Денов тарихида озмунча биринчи раҳбарлар ишлаб кетдими?! Уларнинг баъзилари ҳатто қарийб уч минг йиллик тарихга эга туманни бошқараётганлигини ҳам англаб етмадилар?! Тарихчи олимлар Баҳодир Турғунов, япониялик қадимшунос Кюдзо Като, филология фанлари номзоди, устоз Тоштемир Турдиевларнинг катта хизматлари билан Денов тарихидан кўпчилик огоҳ бўлди. Айниқса, Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асари дастлабки боблари ҳозир биз истиқомат қилаётган Денов ўрнидаги Чағониён давлатида ёзилганини ҳали кўпчилик билмайди.

Демак, Президент қарори туманинг янги қирраларини очишда ҳам муҳим ҳужжатдир. Шунингдек, туманда сув-комуникация тизимини тубдан янгилаш ишлари давр талабига айланганига анча бўлган. Мактабгача таълим, умум ўрта таьлим тизими ислоҳотларига ҳам қарорда алоҳида эьтибор берилибди. Иқтисодий инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан 50 миллиард сўмлик маблағ ана шу тизимлардаги муаммоларни яхшилашга қаратилган.

Осмонўпар иншоотлар, йўлу кўприклар, замонавий бозор қурилиши сингари 550 дан зиёд лойиҳалар устида қизғин иш олиб борилади.

Бутун мусулмон оламида маълуму машҳур бўлган Ҳожа Алауддин Аттор Валий ҳазратлари мақбараси, Саид оталиқ мадрасасини тубдан таьмирлаш ишлари ҳам кўзда тутилган қарорда.

Демак, ҳадемай Ватанимиз яна бир манзили обод қиёфа касб этади. Яна бир ҳудуд аҳлининг ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшашига эришилади...