Яқинда Хитойнинг Урумчи шаҳрида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC) доирасида таҳлил марказлари мутахассисларининг 9-форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходимлари ҳам иштирок этди.
Маълумки, CAREC дастури 1997 йилда Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган бўлиб, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Унда Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон иштирок этади. Мазкур ташаббус доирасида ташкил этилган форумнинг асосий мақсади минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиёт ва инновацион молиялаштириш механизмларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашишга қаратилди.

МҲТИ етакчи мутахассиси Нодира Жабборова форумда фаол иштирок этиб, CАREC таҳлил марказлари тармоғини (CTTN) ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни тақдим этди.
–Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик фақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш билан чекланмаслиги керак. Биз инновация ва “яшил молия” механизмларини кенг жорий этиш натижасида барқарор ва экологик жиҳатдан тоза ривожланишни таъминлашимиз лозим. CTTN тармоғи бу йўлда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади ва аъзо давлатлар ўртасида тажриба алмашиш имкониятини кенгайтиради, – деди у.
Ташкил этилган сессияларда инновацион молиялаштириш моделлари, “яшил банк” ташаббуслари, барқарор кредитлаш тажрибалари ҳамда иқлим молияси каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида ҳамкорликни кенгайтириш, янги молиявий механизмлар ва экологик жиҳатдан барқарор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йўлида қатор тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, форум доирасида Урумчи шаҳрида Тянь-Шань Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлик форуми ҳам ўтказилди. У минтақавий иқтисодий интеграция, транспорт, савдо ва инвестиция соҳаларида алоқаларни ривожлантиришга бағишланди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё молиявий ҳамкорлик тадқиқот марказининг очилиши ҳам муҳим воқеалардан бири бўлди. Мутахассисларнинг фикрича, янги марказ аъзо давлатлар ўртасида молиявий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий инвестиция муҳитини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА