Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Cambridge Assessment" ташкилоти сайтида Ўзбекистоннинг Президент мактаблари ҳақида мақола эълон қилинди
08:05 / 2021-09-06

Президент мактаблари Ўзбекистонда таълимни ривожлантиришнинг асосий негизи сифатида майдонга чиқди.

Мазкур мактаблар мамлакатнинг турли бурчакларидан иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш ва халқаро стандартларга мослаштиришни мақсад қилган. Бу хусусда мақолада кенгроқ баён қилинади.

Жумладан, ушбу мактаблар фан, технология, муҳандислик, санъат, математика (STEAM) ва инглиз тилидаги IGCSE ўқув дастуридан фойдаланган ҳолда, ўзбек тилида ўқитиладиган миллий фанлар ёрдамида ўқувчиларни танқидий фикрловчи ва мустақил шахс сифатида ривожлантиради.

«Таълимга киритилган инвестиция жуда муҳим сармоядир. Чунки, биз бу орқали мамлакат келажагига инвестиция киритмоқдамиз», дейди Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова.

Cambridge Assessment ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стеве Кинг ўзаро ҳамкорлик ҳақида ўз фикрини билдирар экан, Кембриж билан ташкил этилган Президент мактаблари қўлга киритган натижалар икки тарафнинг ҳам ютуғи эканлигини таъкидлаб, Президент мактабларида таҳсил олаётган ёшлар мамлакат келажагига катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.  

Шунингдек, Стеве Кинг Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудида жойлашган Президент мактаби ўқувчиси Барно Рустамованинг "A level" сертификатини қўлга киритгани уни ҳайратлантирганини таъкидлайди. Албатта, очилганига эндигина 3 йил бўлган Президент мактабларининг ўқувчилари "А Level" имтиҳонларида тарихий натижа қайд этиб, битирувчиларнинг катта қисми хорижий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

«Ўқишга келганимда бошқа синфдошларим сингари менда ҳам янгича ўқув дастури асосида ўқиш қийинчилик туғдирган. Шундай бўлишига қарамай, биз астойдил ўқишга ҳаракат қилдик. Барча интилишлар натижаси ўлароқ Кембрижнинг "A/AS level"  сертификатини қўлга киритдим. Мени доим қўллаб-қувватлаган, яхши ўқишга ундаган ота-онам, устозларим ва Президент мактабларидан миннатдорман», дейди Хива Президент мактаби битирувчиси Барно Рустамова.

Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда дарс берувчи педагогларнинг малакасини ошириб бориш мақсадида UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда педагогларнинг касбий малакасини ошириш илмий-тадқиқот лойиҳаси устида иш олиб борилди. Мазкур тадқиқот лойиҳаси доирасида ўқитувчи кадрларнинг касбий ривожланишлари учун махсус модель яратиш ва уни синовдан ўтказиш кўзда тутилган. Бу ҳақида Президент мактаби ўқитувчиси Томас Топхем ўз фикрини билдирди: «Президент мактабларида ишлаш бу гўёки Кембриж мактабларида ишлашдек масъулиятли. Чунки ушбу мактабларда Кембриж дастури асосида таълим берилади. Демак, мактабнинг педагог кадрлари ҳам рақобатбардош ва юқори салоҳиятли бўлиши талаб этилади».

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА