Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Call markaz” га аҳоли ишончи ортмоқда
16:33 / 2022-09-22

Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида қабул қилиб, ижросини таъминлаш мақсадида “Call markaz”, яъни 1064 рақамли “Ишонч телефони” жорий этилган. Жорий йил октябрь ойида мазкур марказ фаолият бошлаганига бир йил тўлади.

Аҳолининг ишонч телефони жорий этилганидан хабардорлигини ошириш мақсадида “Call markaz”нинг реклама ёрлиқлари тарқатилди. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилди. “Call markaz” фаолиятини бошлаган октябрь ойида 700 нафардан ортиқ фуқародан мурожаат келиб тушди. Ноябрь ойида мурожаатлар сони 351 тани, декабрь ойида эса 649 тани ташкил этди. 3 ойда умумий фуқаролардан тушган мурожаатлар сони 1704 тага етди.

– Жорий йилнинг олти ойи давомида жами 3 минг 700 нафар фуқаро ўз муаммолари билан “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилган, – дейди вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси, 1064 “Call markaz” учун масъул Маъмурахон Сафоева. – Сентябр ойида мурожаатлар сони 4 минг 688 тани ташкил қилди. Мурожаатлар мазмунига қараб, тааллуқлилиги бўйича тезкор соҳа мутахассислари ва раҳбарларига йўналтирилади. Фуқароларнинг муаммолари тезкор ҳал этилишига эришилмоқда.

Бугунги кунда жами 11 нафар тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда. Мазкур тиббиёт ходимлари малака ва билимга эга ҳамда махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислардир. Улар вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида фаолият юритиб келмоқда.

Авваллари фуқаролар юқори ташкилотларга ёзма мурожаат қилса, ижрочига етиб келгунга қадар 10-12 кун вақт ўтар, бу вақт оралиғида беморлар ёки фуқароларнинг мурожаатлари ечими кечикар эди. Ҳозир эса муаммога дуч келган вақтнинг ўзидаёқ 1064 рақамига қўнғироқ қилиб, муаммога ечим топилмоқда.

Хусусан вилоят тиббиёт муассасаларида фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўладиган, ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, “Call markaz” реклама баннерлари аҳоли кўп тўпланадиган жойларга – қабулхоналар, регистратура ҳамда бўлимларга илиб қўйилди. Бу тиббиёт муассасаларига жойлашиш, таъмагирлик, қўпол муомала муносабатлари масаласидаги мурожаатлар сонининг камайишида муҳим аҳамият касб этди.

Соҳани янада такомиллаштириш, коррупцияга йўл қўймаслик ва олдини олиш, фуқароларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш учун бугунги кунда тезкор тармоқ ташкил этилди.

Зариф Комилов, ЎзА