Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“CAFA U-15 Girls Championship-2019”: қизларимиз совринсиз қолишди
11:22 / 2019-09-17

“Ўз майдонингда деворлар ҳам сени суяйди” мақоли бу гал ўзини оқламади.


“Ўз майдонингда деворлар ҳам сени суяйди” мақоли бу гал ўзини оқламади.

Хабарингиз бор, пойтахтимизда деярли бир ҳафта давомида 15 ёшли қизлар ўртасида Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилувчи “CAFA U-15 Girls Championship-2019” халқаро турнири ўтказилди. Унда юртмиз шарафини Илҳом Ханжариев устозлигидаги қизларимиз ҳимоя қилишди.

Афсуски, тўрт жамоа иштирок этган турнирда ёш футболчи қизларимиз сўнгги – тўртинчи ўрин билан кифояланишди. Қирғизистон термасига 2:6, тожикистонликларга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган терма жамоамиз “муддатидан олдин” совриндан “қуруқ” қолганди. Энг сўнгги – эронликларга қарши ўйин ҳеч нарсани ҳал этмасди. Лекин ўзбекистонликлар ғалаба қозонган тақдирда қирғизистонликлар биринчи ўринга кўтарилиб кетишарди. Буни эса башорат қилиш қийин эди. Сабаби - рақиблар Эрон термаси эди.

GAFA-U-15 (2).jpg

GAFA-U-15 (4).jpg

Эронликлар баҳсни худди шу кайфиятда – ғолибона руҳда бошлашди. Уларнинг рақибини менсимаётгани, майдонда шунчаки машғулот ўтказишаётгандек ҳаракатланаётгани сезилиб қолди. Бироқ турдан-турга тажриба орттириб борган қизларимиз сал қолса рақибларидан очко тортиб олишлари, ҳатто мағлуб этишлари ҳам мумкин эди.

Айниқса, Лейла Рустуллаеванинг чаққон, алдамчи ҳаракатлари эронлик ҳимоячи ва дарвозабонларини бир неча бор шошириб ҳам қўйди. Шундай ҳужумларининг бирида рақиб дарвозасини ҳам ишғол этди. Бу паллада ҳисоб тенглашганди. Бундан руҳланган футболчиларимиз бир неча дақиқага ўйин тизгинини ўз қўлларига ҳам олишди. Ана шундан кейин эронликлар “уйғонишди”. Бу кетишда мағлубиятга учрашлари ҳам мумкинлигидан хавотирланган рақиблар қарши ҳужумларга ўтишди.

Иккинчи бўлимнинг охирги дақиқаларида ўйин шиддати янада ошди. Жарима тўпини чиройли тарзда голга айлантирган Илҳом Ханжариев шогирдларига яна бироз вақт етмади, қирғизистонлик бош ҳакам ўйинни якунловчи ҳуштагини чалди. Шу тариқа эронликларга 2:3 ҳисобида мағлубиятга учраган майдон эгалари турнирда сўнгги поғонага лойиқ топилди.

GAFA-U-15 (1).jpg

GAFA-U-15 (6).jpg

Ваҳоланки, бундан икки йил аввал Тожикистоннинг Ҳисор шаҳрида ташкил этилган мусобақада терма жамоамиз бош соврин билан ортга қайтган эди. Бу галгисида эса ёш футболчи қизларимизга тажриба етишмади. Таркиби асосан “Севинч-2” ва АГМК-2 жамоалари вакилларидан иборат терма жамоамизнинг бундан кейинги расмий халқаро турнирларга жиддий тайёргарлик кўришлари учун ҳали кўп ишлаш лозимлиги кўриниб қолди.

Шу тарзда Тошкент мезбонлик қилган халқаро мусобақада бош соврин эронликларга насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Қирғизистон ҳамда Тожикистон терма жамоалари бўлишиб олишди. Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, энг яхши деб топилган футболчилар ташкилотчилар томонидан медаллар ва совғалар билан тақдирланишди.