Ўзбекистон ва Тожикистон мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича "CAFA Nations Cup" турнирининг "А" ва "B" гуруҳларида биринчи тур учрашувлари якунланди.
Пойтахтимизда ўтаётган мазкур мусобақанинг "А" гуруҳидаги Қирғиз Республикаси ва Туркманистон терма жамоалари баҳси "Жар" стадионида ўтказилди. Ушбу учрашувда жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, "Олимпия" стадионида ўтган Ўзбекистон ҳамда Ўмон тўқнашуви ҳам 1:1 ҳисобида ўз якунига етди.

Шу тариқа, мазкур гуруҳдаги ҳар бир терма жамоалар ҳисобига бир очкодан қўшилди. Энди иккинчи турда Ўзбекистон ва Туркманистон, Қирғиз Республикаси ҳамда Ўмон терма жамоалари ўзаро рақобатлашди. Ушбу ўйинлар 2 сентябрь куни бўлиб ўтади. Дарвоқе, Миллий терма жамоамизнинг барча учрашувлари “Олимпия” стадионида ўтса, қолган термадар “Жар” ўйингоҳида ташкил этилади.

Тожикистонда ўтаётган "B" гуруҳидаги ўйинларда Эрон 3:1 ҳисобида Афғонистон устидан зафар қучган бўлса, Тожикистон кутилмаганда Ҳиндистон терма жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Натижада Эрон ва Ҳиндистон термалари 3 очко билан гуруҳнинг 1-2 поғоналаридан жой олди. Мезбонлар ва афғонистонлик футболчилар очкосиз кейинги ўринларда қайд этилди.

Бу гуруҳдаги иккинчи тур ўйинлари 1 сентябрь куни бўлиб ўтади. Унда гуруҳ пешқадамлари ўзаро рақобатлашса, қуйи ўринларда бораётган Тожикистон ва Афғонистон терма жамоалари тўқнагади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА