English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
C5+1 саммити Ўзбекистон иқтисодиёти учун қандай самара беради?
14:55 / 2025-11-14

Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақаси глобал геосиёсий жараёнда тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Бу ўзгариш, аввало, минтақанинг табиий бойликлари, транзит салоҳияти ва энергетика ресурслари билан изоҳланади. Шу нуқтаи назардан C5+1 формати, яъни Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Aмерика Қўшма Штатлари ҳамкорлиги платформаси минтақавий интеграциянинг муҳим дипломатик воситасига айланди.

AҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан ташқи сиёсати асосан C5+1 механизми орқали олиб борилади. Ушбу формат ҳар йили деярли мунтазам ўтказилиб келинаётган ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари орқали AҚШга ушбу минтақа билан тизимли ва изчил мулоқот юритиш имконини берди.Бошқа томондан Марказий Осиё давлатлари ҳам сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

Форматнинг асосий ғояси минтақани ягона, ҳамжиҳат сиёсий-иқтисодий макон сифатида намоён этишдан иборат. Бу орқали Марказий Осиё давлатлари нафақат AҚШ, балки ўзаро ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлашга интилмоқда.

AҚШ ташаббуси билан бошланган дастлабки учрашувларда диққат-эътибор асосан терроризмга қарши кураш, чегаралар хавфсизлиги, сув ресурсларидан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби мавзуларга қаратилган эди. Энди эса мулоқот мавзуси кенгайди: кун тартибига “яшил энергетика”, “муҳим минераллар”, “рақамли иқтисодиёт” каби янги йўналишлар қўшилди.

Марказий Осиё дунё миқёсида литий, уран, мис, кобальт, ванадий каби муҳим хом ашёларга бой ҳудуд. Саммитда AҚШ ушбу минералларни барқарор таъминот манбаи сифатида кўриб, “ Critical Minerals Dialoguye” ташаббусини илгари сурди. Бу лойиҳа минтақада хом ашёни қайта ишлаш қуввати яратиш, экологик стандартни жорий этиш ва қўшма технологияларни амалиётга тадбиқ этишни назарда тутади.

Минтақамиз AҚШ томонидан “стратегик аҳамиятга эга минераллар” рўйхатига киритилган бой кон захираларига эга. Жумладан, Ўзбекистон янги истиқболли макон сифатида кўрилмоқда. 2024 йил мамлакатимизда вольфрам, литий, германий конлари ҳамда 14 хил нодир унсурманзили топилгани эълон қилинди. Бу кашфиётлар минтақанинг келажакда юқори технологияли ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш имконини сезиларли даражада оширади. Ўзбекистон уран ишлаб чиқариш бўйича ҳам кенг имкониятга эга мамлакатлар орасида 5-ўринни эгаллаб, дунёда 6,64 фоиз улуш билан етакчилардан бири ҳисобланади.

Саммит доирасида AҚШ билан энергетика, геология, рақамли инфратузилма ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Ўзбекистон учун мазкур анжуман нафақат дипломатик ютуқ, балки иқтисодий модернизациянинг янги босқичидир. Бу муваффақият ички ислоҳотлар, сармоя муҳити барқарорлиги ва рақамли инфратузилма ривожи билан чамбарчас боғлиқ. Aгар ушбу омиллар уйғунлашса, давлатимиз нафақат минтақавий марказ, балки глобал минераллар занжирининг барқарор бўғинига айланиши мумкин.

Меҳри Воҳидова,

Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра мудири