Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“C5+1” формати: Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлигининг янги босқичи
17:07 / 2025-11-07

Муносабат

Вашингтонда бўлиб ўтган “C5+1” форматидаги саммит Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб берди. 

“Бу – мулоқотдан амалиётга ўтиш палласи”. Бу учрашув жаҳонда геосиёсий рақобат кучайиб, транспорт-коммуникация йўналишлари ва энергия таъминоти занжирлари ўзгараётган бир пайтда ўтказилгани унинг аҳамиятини янада оширди. Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда мувозанатни сақлаш ва халқаро ҳамкорлик географиясини диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

АҚШ Давлат департаменти “C5+1” платформасини “адолатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни ривожлантириш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақавий барқарорликни таъминлаш” воситаси сифатида таърифлади. 

Шу боис, фикримизча, “Бу формат – рақобат эмас, имконият архитектураси”, деб қарашимиз лозим. Бу, аввало, минтақа ресурс ва стратегик имкониятларининг юқори экани билан боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистонда уран ва нодир металлар, Қирғизистон ва Тожикистонда сув-энергетика қувватлари, Туркманистонда эса йирик газ захиралари мавжуд. Бу ресурслар “яшил иқтисодиёт” ҳамда юқори технологиялар саноатида асосий аҳамиятга эга.

Ўзбекистон нуқтаи назаридан “C5+1” формати ташқи сиёсатда конструктив, прагматик ва ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз бугун ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, глобал таъминот ва логистика занжирларига интеграциялаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. “Биз шароитга мослашмаяпмиз – биз шароит яратяпмиз”.

Шу боис, бу борада қуйидаги йўналишлар алоҳида аҳамиятга эга:

Биринчидан, инфратузилма ва транзит салоҳияти. Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаса-да, минтақадаги муҳим транспорт узели ҳисобланади. АҚШ билан ҳамкорлик Транскаспий йўлагини ривожлантириш, “Шарқ–Ғарб” коридорларини кенгайтириш, темир йўл ва порт инфратузилмасини интеграциялашга хизмат қилади.

Иккинчидан, қайта тикланувчи энергия ва саноат модернизацияси. Ўзбекистон 2030 йилгача энергия балансида қайта тикланувчи манбалар улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган. Шамол ва қуёш энергетикаси, энергияни сақлаш технологиялари ва водород ечимлари борасида АҚШ билан ҳамкорлик саноатни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Учинчидан, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш. Бу нафақат хомашё экспортидан воз кечиш, балки мамлакат ичида қўшилган қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва технологик мустақилликни таъминлашга хизмат қилади. Яъни “Қиймат мамлакатда қолиши керак”.

Тўртинчидан, “Инсон капитали – энг катта сармоя”. АҚШ университетлари, илмий-тадқиқот марказлари ва давлат бошқаруви академиялари билан ҳамкорлик Янги Ўзбекистон учун замонавий билим ва компетенциялар базасини яратади.

Шу билан бирга, хавфсизлик масаласининг аҳамияти ҳам сақланиб қолмоқда. Афғонистондаги вазият минтақавий барқарорликка таъсир этиб келмоқда. “C5+1” формати хавфсизлик бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва уни мустаҳкамлаш имкониятини беради.

Айни пайтда Ўзбекистон мазкур ҳамкорликда суверенитет ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига содиқ. Биз бирон-бир томоннинг таъсир доирасига қарам бўлишни эмас, балки ўзаро манфаатли ва мувозанатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи доирасида Конгресснинг нуфузли вакиллари билан учрашуви ўта муҳим аҳамиятга эга бўлди. АҚШ парламенти мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантиришда асосий роль ўйнайди. Парламент аъзолари билан мунтазам сиёсий мулоқот ва ишончли ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлайди. “Сиёсий ишонч – ҳар қандай ҳамкорликнинг пойдевори”.

Хулоса қилиб айтганда, “C5+1” саммити Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун янги иқтисодий ва инвестиция имкониятлари, логистика ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, технологик ривожланиш ва саноат модернизацияси, инсон капиталини ривожлантириш каби йўналишларда амалий натижалар беради.

Бу – Ўзбекистоннинг мустақил, очиқ ва прагматик ривожланиш стратегиясига мос келадиган муҳим қадамдир.

Э.ТУЛЯКОВ, 

“Тараққиёт стратегияси” маркази 

ижрочи директори.

ЎзА