Президентимизнинг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, тизимни илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш йўлида дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Навоий вилоят бошқармаси, туман(шаҳар) бўлимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2022 йил 1-чорагида 713,2 миллиард сўмлик 72 минг 171 та ижро ҳужжати юзасидан тегишли тадбирлар олиб борилди.
– Ҳозирда 212,1 миллиард сўмлик 18 минг 848 та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 13 минг 925 та ижро ишлари бўйича амалда 117,3 миллиард сўм маблағ ундирилди, – дейди МИБ Навоий вилоят бошқармаси Ташкилий назорат ва таҳлил шўъбаси инспектори Азизбек Жўраев. – Бунда давлат фойдасига 52,8 миллиард сўм, тадбиркорлик субъектларига 57,8 миллиард сўм, фуқароларга 6,6 миллиард сўм пул маблағлари ундириб берилди. Қолган 53323 та ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб, жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланиб, белгиланган миқдорда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига йўналтирилади.
– Жорий этилган янги тизимга кўра, 6 турдаги давлат фойдасига ундирувлардан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига бугунги кунга қадар 4 миллиард сўм ўтказиб берилиши таъминланди, – дейди Азизбек Жўраев. – Шунингдек, бюро томонидан алимент маблағларини ундиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, АТ “Алоқа банк”да ҳозирги кунга қадар алимент олувчиларга бепул тарзда 9 минг 821 та банк пластик карточкалари очилган ва 5,9 миллиард сўм маблағ пластик карталарга ўтказиб берилди. Шу билан бирга моддий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандлари фойдасига 10,4 миллиард сўм алимент пуллари ундирилди ва 4 та уй-жой учун 154,9 миллион сўм олдиндан тўлов сифатида берилди.
Бюро ижрочилари томонидан сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши натижасида жорий йилнинг 1-чораги давомида мавжуд қарздорликларни тўлашда моддий қийинчиликларга дуч келаётган қарздорларнинг 162 нафари иш билан таъминланган бўлса, 396 оила яраштирилди. Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган 113 нафар шахснинг маъмурий, 14 нафарининг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Ўтган давр мобайнида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 23 нафар шахс ишга тикланиб, тўланмай қолган 526,3 миллион сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.
– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятимизда узоқ муддатдан буён қарздорликларни тўламасдан яшириниб юрган ёхуд хорижий давлатларга чиқиб кетган шахслар ҳам бор, – дейди Азизбек Жўраев. – Айни пайтда узоқ муддатли қарздорлигини тўламаётган 128 нафар шахсдан хорижий давлатларга чиқиб кетган 24 нафари ҳамда яшаш жойи номаълум бўлган 88 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш соҳасида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ҳар бир мурожаатнинг ижобий ҳал этилишига эътибор берилмоқда. Жумладан, Бюро органларига келиб тушган 1 минг 888 та мурожаатнинг 1 633 таси ёки 86 фоизи бевосита Бюронинг ўзида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Қолган мурожаатлар ижроси эса назоратда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда бюро томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Абдували Бўриев, ЎзА