Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига янги меъёрлар киритилади
12:50 / 2019-11-30

Қонуннинг мақсади бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида парламент аъзолари “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.

Қонуннинг мақсади бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдир.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни ва 1 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Бунда парламент томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўғрисидаги қонунни қабул қилиш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни кўриб чиқиш ва қабул қилишда Олий Мажлиснинг бюджетга доир ваколатлари назарда тутилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тасдиқлаш тартиби жорий этилиши муносабати билан қонунда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига кейинги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ҳамда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ва муддатларини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бюджет кодекси янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда, унга Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги бюджет ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишга кўра, Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ижро этиш жараёнини кўриб чиқиш парламент назоратининг шаклларидан бири ҳисобланади.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг парламент томонидан сифатли кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлашга кўмаклашади, бу эса халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқ келади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.