Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бюджет харажатларининг қарийб 50 фоизи ижтимоий харажатларни ташкил этмоқда
10:48 / 2025-09-09

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқмоқда.

Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилмоқда.   

Вазир ўз ҳисоботида жаҳон иқтисодиётидаги ўзгарувчанлик ва юқори ноаниқлик шароитида, ҳудудларда аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чоралар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, бозор хизматлари 13,3 фоиз, қурилиш ишлари 10,7 фоиз ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 4,0 фоизга ошганини қайд этди.  

Таъкидланганидек, асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 273,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсгани мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш жараёнлари давом этаётганини кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг реал даромадлари 9,5 фоизга ошиб, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Жорий биринчи ярим йилликда мамлакат ташқи савдо айланмаси 37,0 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга ошган.  

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 103,4 фоизга бажарилган. Харажатлар бўйича режа кўрсаткичлари 96,8 фоизни ташкил қилган. Бу бюджет барқарорлиги таъминланганидан далолат бермоқда.  

Ҳисоботда қайд этилганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган. Давлат бюджетининг харажатлари эса ҳисобот даврида 173,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 16,0 фоизга ўсган. Бунда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда фуқаролар учун муносиб шароитлар яратиш давлат молиявий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида сақланиб қолаётганлиги депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.  

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 86,2 трлн. сўм ёки 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,1 трлн. сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Бу эса жами харажатларнинг 49,8 фоизини ташкил этади. Бу маблағларнинг аксарияти таълим соҳасига йўналтирилди. Жумладан, мактабгача таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ҳажми 7,17 триллион сўмга етди. Нодавлат МТТларни ривожлантириш мақсадларига 1,8 трлн. сўм субсидия ажратилди. Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 77 фоизи МТТга қамраб олинди. 

Магистратура босқичида таҳсил олаётган 7 мингга яқин қизларнинг 47,5 млрд. сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, бакалавр босқичидаги  7,6 мингга яқин хотин-қизларнинг контракт тўловлари учун 81 млрд. сўмлик таълим кредитлари ажратилди.  

Мажлис ўз ишини давом эттирмоқда.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА