Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Агентлик директори Акмал Бурхонов, директор ўринбосари Умида Тўхташева, бошқарма бошлиғи ўринбосари Улуғбек Дауланов иштирокидаги матбуот анжуманида коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилиши орқали эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ходимлари аттестациядан ўтказилиб, коррупцияга мойиллиги бўлган 28 фоиз (1 минг 476 нафар) ходим билан меҳнат шартномалари тугатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 миллиард cўм молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. 22 миллиард сўм бюджет маблағи мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
Халқ таълими тизимида бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ёки талон-тарож қилиш, ноқонуний иш хақлари тўланиши юзасидан 214 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 34 мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, аниқланган ҳолатлар бўйича 78 миллиард сўм молиявий хато ва камчиликлар ҳамда ноқонуний ўзлаштиришлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун хуқуқ-тартибот идораларига юборилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖда товар-моддий бойликларини сотиб олиш жараёнида “инсон омили”ни чеклаш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри сотиб олиш амалиётига чек қўйилиб, тизим корхоналари томонидан 2020 йил давомида жами 53,4 миллиард сўм харажат иқтисод қилинишига эришилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА мухбири