Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бюджет ижроси ҳисоботлари парламентга Ҳисоб палатасининг хулосаси билан биргаликда киритилади
16:11 / 2025-12-05

Қуйи палата мажлисида бюджет тизими ва бюджет жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси бюджет даромадлари таркибини мувофиқлаштириш, халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот турларини кенгайтириш, бюджет тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мутаносиблигини таъминлашга қаратилган.

Лойиҳа билан Давлат бюджетига доир барча ҳисоботлар Қонунчилик палатасига фақат Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан бирга киритилиши белгиланмоқда. Шунингдек, Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тезкор хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим қилиниши назарда тутилмоқда.  

Шунингдек, лойиҳада бюджет буюртмачилари томонидан молиялаштириш манбалари ва миқдорлари аниқ бўлмаган шартномалар тузиш ва тегишли тартибда Ғазначилик органларида рўйхатдан ўтмаган шартномалар бўйича товарларни қабул қилиб олиш ҳолатларига барҳам берувчи нормалар акс этганлиги коррупциявий омилларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.

Маҳаллий бюджетлар лойиҳаларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари йиғилишларидаги муҳокамаларида Ҳисоб палатаси вакили иштирокида муҳокама қилиш масаласи киритилмоқда.  

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ундаги нормалар депутатлар билдирган таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштирилди. Хусусан, қонун лойиҳасига ўрта муддатли давр учун фискал стратегияни ишлаб чиқиш жараёнида умумий фискал баланс прогнозларининг ҳисобга олинишини назарда тутувчи норма киритилди.  

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига кенг жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА