Ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий соҳада белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши натижасида республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръати тубдан ўзгарди.
Бу борада энг аввало мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш, солиқ-бюджет ислоҳотларини олиб боришга асосий эътибор қаратилганлиги айни муддаодир.
Бунда эса божхона тўловлари ставкалари икки баравар пасайтирилиб, тўлов ва солиқлар юкининг камайтирилганлиги, барча вазирлик ва идоралар ҳамда Марказий банк томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ижроси, пул муомаласи ва олтин-валюта захиралари ҳолати тўғрисидаги статистик ва таҳлилий маълумотларнинг доимий равишда очиқ чоп этиб борилиши муҳим қадам саналади.
Яна бир муҳим жиҳат ушбу ўзгаришлар жараёни ва ижроси ҳар чоракда парламентнинг ҳар икки палаталари томонидан назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси бюджет кодексига асосан ҳукумат томонидан ҳар чорак якуни бўйича Олий Мажлис палаталарига Давлат бюджетининг ижро ҳолати кўриб чиқиш учун киритиб борилмоқда.
Жумладан, амалдаги бюджет кодексининг 169-моддасига биноан ушбу ҳафтада Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари томонидан 2022 йилги Давлат бюджетининг 1-чоракдаги ижро ҳолати кўриб чиқилди.
Ҳукумат томонидан киритилган маълумотлар таҳлилидан шуни кўриш мумкинки, минтақа ва жаҳонда рўй бераётган иқтисодий-ижтимоий ҳамда гиёсиёсий вазиятларга қарамасдан 2022 йил январь-март ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсган. Ушбу кўрсаткичлар айрим Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкор давлатларининг иқтисодиётдаги ўсиш суръатларига нисбатан яхши ҳолатда эканлиги кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йил январь-март ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Хитой иқтисодиёти 4,8 фоизга, Қозоғистон Республикаси иқтисодиёти 4,4 фоизга, Қирғизистон иқтисодиёти 4,5 фоизга ўсганлиги қайт этилган.
Албатта, ушбу кўрсаткичларга эришишда иқтисодий тармоқлар барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилаётганлиги муҳим аҳамият касб этади. Боиси, ўтган қисқа вақт ичида давлатимиз раҳбари бошчилигида бир неча бор иқтисодиёт ва аҳоли бандлигининг муҳим тармоқлари бўлган тадбиркорликни ва эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини кенг жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондиришга оид ўнга яқин видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар ва соҳани тараққий эттиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Натижада 2022 йил январь-март ойларида ЯИМнинг номинал ҳажми 162,8 трлн. сўмни ёки 14,8 млрд. долларни ташкил этди. Бунда қишлоқ хўжалиги ЯИМнинг 13,2 фоизини ёки 19,4 трлн. сўмни, хизматлар 47,3 фоизини ёки 69,7 трлн. сўмни, саноат 32,5 фоизини ёки 48,0 трлн. сўмни, қурилиш 7,0 фоизини ёки 10,3 трлн. сўмни ва экспорт импорт маҳсулотларига соф солиқлар 9,5 фоизини ёки 15,4 трлн. сўмни ташкил этмоқда.
Шунингдек, пандемия энг кўп тасир кўрсатган соҳа ва тармоқларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатиб, 2022 йил 1-чорагида ЯИМ таркибида хизматларнинг улуши 0,4 фоизга кўпайиб, хизматлар таркибидаги савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизгача, ташиш ва сақлаш ҳамда ахборот ва алоқа хизматлари 14,4 фоизгача ўсиши тезлашганлиги кузатилган.
Қувонарли томони ушбу иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари нафақат ички, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ҳам ижобий суръатларда ўсиб бормоқда. Мисол учун, 1-чоракда мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 74,8 фоизга ўсиб, 13,2 млрд. долларни ташкил этди.
Шунингдек, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари ижроси ҳолатида ҳам ўсиш кузатилган бўлиб, ушбу кўрсаткич давлат мақсадли жамғармаларисиз 41,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 39,1 трлн. сўм прогноз 107,2 фоизга ёки 2,8 трлн. сўмга ошириб бажарилган.
Жумладан, булар Давлат солиқ қўмитаси томонидан 34,5 трлн. сўм (жамига нисбатан 82,3 %), Давлат божхона қўмитаси томонидан 9,5 трлн. сўм (жамига нисбатан 22,7 %), Давлат бюджетининг бошқа даромадлари ва солиқсиз тушумларидан 4,5 трлн. сўм шакллантирилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат бюджетининг 2022 йил 1-чорагидаги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 42 943,3 млрд. сўмни аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 91,1 фоиз ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этди. Бунда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 23 469,9 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 54,7 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.
Бугунги кунда ҳудудларда ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлар амалга оширилмоқда. Бунга эса бюджет соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар сабаб маҳаллий бюджетларнинг орттириб бажарилган маблағлар қисми ўша ҳудуд ихтиёрида қолдирилаётганлигидир.
Жумладан, жорий йилнинг январь-март ойларида маҳаллий бюджетлар ихтиёрида жами 2,3 трлн. сўм маблағлар қолдирилди. Бу эса жойларда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш имконини берди. Хусусан, жорий йилда ташаббусли бюджет харажатлар учун туман (шаҳар) бюджетларида кўзда тутилган маблағлар ўз вақтида ажратилишига эришилди.
Бунда Республика бўйлаб фуқаролар томонидан ташаббус қилинган 69 мингдан ортиқ лойиҳалардан туман ишчи комиссиялари томонидан жамоат манфаатларига хизмат қилувчи 40,2 мингта лойиҳа овоз бериш жараёнига ўтказилди.
Лойиҳаларнинг 17,3 мингтаси (25 фоизи) ички йўлларни таъмирлаш, 10,1 мингтаси (15 фоизи) умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ лойиҳалар, 4,3 мингтаси (6 фоизи) мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этди.
Аммо кўрилган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан айрим мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ҳамда етарли даражадаги билим ва кўникмага эга бўлган кадрларнинг ўз ўрнига танлаб олиниб қўйилмаганлиги боис, айрим вазирлик ва идоралар томонидан бюджет маблағларининг сарфланишида йўл қўйилган хато ва камчиликлар бугун амалга оширилаётган ислоҳотларга соя солишга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2022 йил 1-чорагида жами ўтказилган 1 687 та молиявий назорат тадбирларидан 1 283 тасида молиявий хато-камчиликлар аниқланган. Бунда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган камомад ва ўзлаштиришлар 39,2 млрд. сўмни, бюджет маблағларидан асоссиз ва ортиқча тўловлар 199,8 млрд. сўмни ва мақсадсиз харажатлар 22,7 млрд. сўмни ташкил этган.
Хулоса қилиб айтганда, бугун иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этади. Боиси мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти, соҳа ва тармоқларимиз ривожи бевосита ислоҳотлар қон томири бўлган иқтисодиётимиз тараққиёти билан боғлиқ.
Махфират Хушвақтова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати