Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
BYD “Қироллик”ни қўлга олади(ми?)
10:48 / 2025-10-08

Хитойнинг электромобиль ишлаб чиқарувчи йирик компанияси – BYD сентябрь ойида Буюк Британиядаги савдосини 880 фоиз оширгани маълум қилинди. Шу тариқа Қироллик компания учун ХХРдан ташқардаги энг йирик бозорга айланди.

Компания ўтган ой 11 271 дона автомобиль сотган, хариднинг асосий қисмини “Seal U” русумидаги гибрид кроссовер таъминлади.

Бу натижа Британияда машина бозори рекорд даражада ўсаётган даврга тўғри келди. Автомобиль саноати уюшмаси (SMMT) маълумотига кўра, ўтган ой мамлакатда тоза электромобиль сотуви 73 000 га яқинлашган.

Туманли Альбион ҳозир BYD ва бошқа хитойлик ишлаб чиқарувчилар учун энг қулай бозор ҳисобланади, чунки мамлакат Хитой электромобилларига бож солиғи жорий этмаган.

BYD Англия бозоридаги улушини 3,6 фоизга етказди. Компаниянинг Британиядаги раҳбари Боно Ге айни натижа “бренд учун янги босқич” эканини таъкидлади ва яқин ойларда янги гибрид ва электр моделлар тақдимоти ўтказилишини билдирди.

Умуман эса Қиролликда энг кўп сотилган автомобиллар орасида “Kia Sportage”, “Ford Puma” ва “Nissan Qashqai” етакчилик қиляпти. Шунингдек, BYD русумидаги “Seal U” ва “Jaecoo7” турлари ҳам илк бор кучли 10 лик рўйхатига кирган. Шунга қарамай, бензин ва дизель ёнилғиси билан ишлайдиган машиналар ҳамон савдонинг ярмидан кўпини қопламоқда.

Британиядан фарқли ўлароқ, ўтган йил ЕИ Хитой электромобилларига 45 фоизгача бож жорий қилган, АҚШ ҳам бу борада Трамп ва Байден маъмуриятлари давридаги кескин сиёсатни давом эттирмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА