Жиззах шаҳри кўчаларида бу гал оддий автокарвон эмас, ҳаёт ва ўлим орасидаги танловни эслатувчи огоҳлантирув ҳаракатланди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатларини намоён этган тарғибот “Автокарвон”и йўлдаги ҳар бир инсонни камида бир лаҳза тўхтатиб, ўз ҳаракати ҳақида ўйлашга мажбур қилди.
Ҳар куни шошиб ишга, мактабга, уйга кетамиз. Пиёда ёки ҳайдовчи эканлигимизга кўп ҳам эътибор бермаймиз. Аммо айнан шу беэътиборлик баъзан сониялар ичида бутун бир умрни ўзгартириб юборади. Йўл қоидасига амал қилмаслик — шунчаки қоидабузарлик эмас, у — синган тақдир, яраланган тан, кўз ёшига тўлган оила.
Маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг катта қисми айнан тезликни ошириш, хавфсизлик камарини тақмаслик ва пиёдаларнинг йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиши оқибатида содир бўлади. Бу рақамлар ортида эса аниқ манзил, аниқ инсон ва орзу-умидлари ярим йўлда қолган ҳаётлар туради.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган автокарвон шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланар экан, автоҳалокатлардан кейин вайрон ҳолга келган автомашиналарни кўрганлар бефарқ қолмади. Бу манзаралар ҳар бир ҳаракат иштирокчисига битта оғир саволни қўйди: “Навбатдаги қурбон ким бўлиши мумкин?”
Тадбир давомида аҳоли гавжум ҳудудларда ҳайдовчи, пиёда ва йўловчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш, тезлик меъёрига амал қилмаслик, хавфсизлик камарини тақмаслик каби “оддий” деб қараладиган хатоларнинг қандай фожиали оқибатларга олиб келиши очиқ мисоллар орқали тушунтирилди.

Бу тарғиботнинг мақсади ҳисобот тўлдириш эмас. Асосий мақсад — бир инсонни бўлса ҳам фалокатдан сақлаб қолиш. Чунки йўлдаги ҳар бир хато кимнингдир уйида қайтмай қолган ота ёки фарзандга айланиши мумкин.
Шу боис йўлга чиқар экансиз, шошманг. Қоидага амал қилинг. Сизни уйда кутаётганлар бор.
Зеро, йўл қоидаси — умр фойдаси.
Сабоҳат Давлатова,
Жиззах вилояти ИИБ
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг
ахборот гуруҳи инспектори
ЎзА