Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи икки фуқаронинг уй-жойини туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиш ва уй-жой қийматини бозор баҳосида тўлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда бузиш ишлари амалга оширилган.
Бироқ, маҳаллий ҳокимлик мазкур мажбуриятни бажармагани учун келишув битими суд тартибида кўриб чиқилди. Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан бузилган уй-жой учун туман ҳокимияти ҳисобидан икки нафар фуқарога 134 миллион сўм компенсация ундириш белгиланди.
Суднинг ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Узун тумани бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди.
Олиб борилган ҳаракатлар чоғида амалдаги қонунчиликка асосан ижро ҳужжати бўйича қарздор маҳаллий ҳокимликка талабнома юборилиб, ҳисоб рақамларига инкасса талабномалари қўйилгач, масала ижобий ечим топди. Туман ҳокимлиги ҳисобидан фуқароларнинг ҳар бирига 67 миллион сўмдан компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилди ва ижро ҳужжатлари белгиланган тартибда иш юритувдан тугатилди.
Аҳрор Абдураззоқов,
МИБ Узун тумани бўлими давлат ижрочиси