“Обод қишлоқ” дастури амалда
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Навоий вилояти Учқудуқ туманида обод манзиллар сони яна биттага кўпайди. Тумандаги Бузаубай овулида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бу ерда дастур доирасида ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Учқудуқ туманида сўнгги тўрт йилда овуллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт ва яшаш даражасини ошириш, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида “Қулқудуқ”, “Мингбулоқ”, “Узунқудуқ”, “Шалхар”, “Йўлчилар”, жорий йилда “Бузаубай” ва “Кокаяз” овулларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

– 28,8 км. ичимлик сув қувурлари тортиш ва реконструкция қилиниши натижасида 5 та аҳоли пункти аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди, – дейди туман ҳокими Соли Ҳамроев. – 10 км. электр тармоқлари реконструкция ва модернизация қилиниб, электр таъминотидаги муаммоларга чек қўйилди. 18 км. узунликдаги автомобиль йўллари таъмирланди ва янгидан қурилди. Шунингдек, 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та овул фуқаролар йиғини биноси, 4 та сунъий қопламали стадион, 4 та болалар ўйин майдончалари бутунлай янгидан барпо этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда дастур доирасида ишларнинг раежали ташкил этилиши боис қшлоқлар кўркига кўрк қўшилмоқда.
Обод овулга айланган “Бузаубай”да 15-умумтаълим мактаби учун 1 миллиард 785 миллион сўм, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали бўлган овул болалар боғчаси биноси учун 495,5 миллион сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, қарийб 1 миллиард 648 миллион сўм маблағ эвазига 1,8 км. овул ички йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, яна 0,9 км. йўлга қум-шағал қопламаси тўшалди.
Овулдаги трансформатор билан биргаликда 6,5 км. узунликдаги электр узатиш тармоғи мукаммал таъмирланди, 6 км. узунликда электр узатиш тармоғи янгидан тортилди. Бу мақсадларга жами 1 миллиард 159 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
50 миллион сўм маблағ сарфланиб базавий алоқа станцияси таъмирдан чиқарилди. 4 миллион сўмга чиқиндихона қурилди. 3,3 миллион сўм эвазига яна қўшимча 10 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилмоқда.
– Эътиборлиси, туман ҳокимлиги ҳомийлигида 15-умумий ўрта таълим мактаби қошида тикувхона ташкил этилди, – дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Райҳон Қодирова. – Бу ерда 3 та тикув машинаси қўйилган бўлиб, ҳунар ўрганишга қизиққан хотин-қизлар ҳамда тикувчилик сирларини ўрганишга иштиёқманд ўқувчи-қизлар учун айни муддао бўлди. Мутлақо янги қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, асфальтлаштирилган йўллар, манзилларни ёритиб турган тунги чироқлар буларнинг бари – ободликдан нишона.
– Бугунги кунда “Бузаубай” овулидан “Темир дафтар”га киритилган 3 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 нафар ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож фуқароларга моддий кўмак кўрсатилди, – дейди “Узунқудуқ” овул фуқаролар йиғини раиси Тажидаулет Жанаев. – 2 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди. 1 нафарига чорвачилик йўналишида 15 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оиланинг яшаш хонадонлари 75 миллион сўм маблағ сарфланиб, таъмирлаб берилди.
“Обод қишлоқ” Давлат дастурининг ҳаётга тадбиқ этилиши боис туман марказидан қарийб, 120 км. олисда жойлашган “Бузаубай” овули ҳам бугун обод ва кўркам гўшага айланди.
Абдували Бўриев, ЎзА