Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишларини таъминлаш, ҳокимлик ва бошқа давлат бошқарув идоралари томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол этиш, турли соҳаларда қонунбузулиш ҳолатларининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз қонунчилигида ҳар қандай маҳсулотни сотиб олиш, сотиш бўйича тартиблар белгиланган. Шунга қарамасдан, аксарият ҳолларда айрим хўжалик субъектларининг ана шу нормаларга риоя қилмаслик ҳолатлари учраб турибди.
Бундан эса тадбиркорлик субъектлари азият чекмоқда, Хусусан, Пахтаобод туманидаги ЯТТ «Каримов Сирожиддин Сайфутдинович» етказиб берган маҳсулоти учун олиши лозим бўлган маблағни ололмасдан қарийб бир йил давомида сарсон бўлиб юрди.
Тадбиркор Андижон шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманнинг ҳудудий вакилларига мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, ЯТТ «Каримов Сирожиддин Сайфитдинович» ва Андижон шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси ўртасида Петуния гули кўчатини етказиб бериш ва сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Ушбу шартномага асосан, тадбиркор томонидан умумий қиймати 470 миллион 999,1 минг сўмлик петуния гули кўчати тўлиқ етказиб берилган.
Андижон шаҳар ҳокимининг фармойиши билан тадбиркорга етказиб берилган гуллар учун 99 миллион 999,9 минг сўм тўлаб берилган бўлсада, қолган 370 миллион 999,2 минг сўм пул маблағ қарийб бир йилдан буён тўланмасдан келаётган эди.
Мазкур ҳолат бўйича, Бизнес-омбудсман томонидан Андижон туманлараро иқтисодий судига тадбиркор манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризаси кўриб чиқилди. Суднинг жорий йил 27 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан, Андижон шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобидан ЯТТ «Каримов Сирожиддин Сайфитдинович» фойдасига 370 миллион 999,2 минг сўм миқдоридаги маблағ ундирилиши белгиланди.
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳамда давлат ҳимоясида эканлигини ҳеч ким унутмаслиги лозим.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА