Қадим ўзбек юрти жаҳонда донг таратган машҳур шахсларни етиштириб чиқарган табаррук заминдир. Ўзбекхон, Тўхтамишхон, Абулхайрхон, Амир Темур, Шайбонийхон, Бобур, Абдуллахон 11, Убайдуллахон сингари буюклик шоҳсупасини эгаллаган ўнлаб инсонлар Мовароуннаҳрда камол топганлигидан ҳақли равишда фахрланамиз. Улар орасида тарихда катта из қолдирган ва энг машҳурлардан бири Амир Темурдир.
Бу хусусда сўз кетганда, аввал улуғ ҳукмдорнинг таржимаи ҳоли ҳақида тўхталиб ўтиш ўринлидир. Негаки буюк шахсларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳам ўзига хос. Амир Темур 1336 йил 9 апрелда Шаҳрисабздаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган. Лекин илмий адабиётларда унинг туғилган жойи ва санаси тўғрисида турлича фикрлар мавжуд. Айримлар уни 7 апрелда таваллуд топган деб ҳам ёзишган. Баъзилар эса улуғ ҳукмдор ҳозирги Яккабоғ тумани ҳудудида туғилган деган ғояни ҳам илгари суришади. Ҳатто профессор Поён Равшанов Амир Темурни Муборак туманидаги Занжирсарой деган жойда таваллуд топган дея адабиёт газетасида бир саҳифа материал эълон қилган эди. Аслида Соҳибқироннинг қачон ва қаерда туғилганлиги унчалик муҳим эмас, энг асосийси, унинг юртимиз ва дунё тарихида жуда катта из қолдирганлигида.
Отаси – Баҳодир Тарағай. Унинг туркий элатларнинг барлос уруғидан эканлиги кўпчиликка аён. Амир Темур йигирма тўрт ёшда бўлганида, яъни 1360 йилда отасидан айрилиб қолади. Онаси Текина хотун, келиб чиқиши Бухоролик бўлган.
Мироншоҳ, Шоҳруҳ мирзо, Жаҳонгир мирзо, Умаршайх – соҳибқирон ўғилларидир.
Амир Темур ёшлигиданоқ ғайратли, жанг санъатига қизиқадиган жасур йигит бўлиб етишди. Ҳатто қиличбозлик, чавандозлик билан овчилик сир-синоатларини пухта эгаллаб олди.
Соҳибқирон амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида анча тўхталиш мумкин. Хусусан, Самарқандда қурган улкан иморатларни айтмайсизми? Ўтган йилнинг охирларида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ташаббуси билан икки кун мобайнида Самарқанд шаҳрини томоша қилганимизда, бунга яна бир карра гувоҳ бўлдим. Маҳобатли Регистон майдонидан бошланган зиёратимиз икки кунга чўзилди. Тавба, бундан олти-етти аср аввал қад ростлаган, осмонга бўй чўзган иморатларни кўриб ҳайратингиз ошади. Ўша пайтда яшаган хаттотлар, меъморлар маҳоратию ақлу заковатига тасаннолар айтгинг келади. Гўри Амир, Бибихоним мадрасалари ҳар куни минглаб юртимиз ва чет эллик сайёҳларнинг севимли манзилига айланган. Буюк ҳукмдор Шаҳрисабзда ҳам улкан иморатлар қурганлиги тарихий китоблардан маълум. Энг асосийси, Самарқандда қад ростлаган масжиду мадрасалар бир неча асрлардан буён кишиларни лол қолдираётганлиги бежиз эмас.
Бундан ташқари, Амир Темур Самарқанд атрофи ва бошқа жойларда боғ-роғлар яратганлиги ҳам диққатга сазовордир.
1370 йилда Соҳибқирон Амир Ҳусайнга қарши жангга отланди. Амир Темур аскарлари Термиз яқинидаги Биё қишлоғига келганида тарихий воқеа рўй беради. Саййид Барака Соҳибқироннинг режасини маъқуллайди ва унга олий ҳокимият рамзи ҳисобланган табл ҳамда байроқни инъом қилган. Бир неча кунлик қамалдан сўнг, амир Ҳусайн қўшини таслим бўлди. Амир Ҳусайн эса қатл қилинди. Шундан кейин Амир Темур апрель ойида Балх шаҳрини эгаллайди.
Соҳибқирон Чингизийлар авлодларидан бўлган, машҳур шахс, Қозонхоннинг қизи – Сароймулкхонимга уйланади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, айни пайтда халқаро Амир Темур жамғармаси раҳбари, олим ва шоир Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат» эпопеясини ўқисангиз, Амир Темурнинг ўғиллари амалга оширган катта ишлар, айрим йўқотишлар, нуқсонлар, муваффақиятлар ҳақида кенг тасаввурга эга бўласиз. Чунки Муҳаммад Али Амир Темурнинг тўрт ўғлининг ҳар бири ҳақида биттадан роман ёзиб, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётда тутган роли ҳақида бадиий образлар орқали ҳикоя қилган. Венгриялик шарқшунос ва сайёҳ-олим Вамбери «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» китобида қуйидагиларни ёзган эди. ”Темур ворислари жаҳонгирлик майдонида ўзидан илгари ўтган мўғул авлодларидек бахтли бўла олмади. Мўғул ҳукмдори катта бир мамлакатнинг асосини қурди, уни кучайтириш ҳамда кенгайтиришни ўғиллари ва невараларининг забардаст қўлига топширди.Темур эса ҳокимиятнинг биносини юксак кўтарди, аммо унинг фарзандлари ва ворислари кучли суянчиқ бўлиш ўрнига, ноаҳиллик ва ўзаро урушлар қилиб, бу иморатнинг нураши ва емирилишига олиб келдилар.Чингизийлар Ўрта ва ғарбий Осиёда икки асрга яқин ҳукм сурдилар.Темурнинг ворислари эса, гарчи улар орасида ҳокимият ишларидаги маҳорати, порлоқ истеъдоди ва олижаноблиги билан келажак наслларни узоқ давр ҳайратга соладиган зотлар бўлсада, салтанатни атиги бир асрга яқин бошқариб турдилар, холос. Бу фикр шундан далолат берадики, улуғ ҳукмдорнинг ворислари Амир Темур каби буюк бўла олмадилар ва салтанатни узоқ вақт мобайнида ўз қўл остида сақлаб туриш бахтига муяссар бўлишмади.
Амир Темур асос солган феодал давлат 1370 йилдан то 1506 йилгача дунё харитасидан ўрин олди. Пойтахти Самарқанд бўлган бу давлатдан кўплаб олимлар, шоирлар, санъат намоёндалари етишиб чиққанлиги диққатга сазовордир. Характерли жиҳати шундаки, бу йирик давлатнинг дастлаб ҳудуди анча кенг бўлган. Аниқроғи, бу давлат фақат Мовароуннаҳру Хоразмдангина иборат эмас эди. Ҳатто Эрон, Ироқ, Озарбойжон, Шимолий Ҳиндистон каби 20 дан ортиқ мамлакат ҳам ана шу давлатга бўйсундирилганди.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон тарихий мавзуларда ёзишга қизиқади. У Соҳибқирон ва унинг авлодларининг Самарқанддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи қизиқарли мақолалар ёзганлиги бежиз эмас. Шоир қуйидаги воқеани алоҳида таъкидлаган.”Амир Темур ўзини қаршилашга чиққан халойиқ шовқин-сурони, карнай-сурнай жарангоси остида Ҳиндистон хазинаси ортилган филлар карвонини бошлаб, шаҳарга кириб келгач, ҳайбатли бино мадраса эканини ва уни суюкли хотини Бибихоним тиклатганини эшитибди. Сўнг ичган қасамидан пушаймон бўлиб, нима қилишни билмай қолибди. Вайрон қилиб ташлай деса, Бибихоним ранжийди, бузмаса, қасам уришидан қўрқади. У бу маҳобатли бинони ким қурди, нега мендан берухсат тиклади дея жаҳли чиқибди. Ахир, бу бинони буздириб, жойига қовун-тарвуз экдираман деб қасам ичганди-да.
Амир Темурнинг бу ҳолатини Соҳибқирон жангларини китоб қилиб ёзиб юрган муаррих сезибди. Бирга юравериб, Амир Темур кўнглидаги гапларни билиб турар экан. Билиб, оқил маслаҳатлар бераркан. Шунинг учун ҳукмдор уни вазиридан ҳам аъло кўраркан. Мана шу муаррих ўз ҳукмдорига таъзим бажо қилиб, шундай дебди.
– Эй мамлакат устуни, онтингизни бажаришнинг чораси бор!
Амир Темур «хўш» дегандек унга тикилибди.
– Бунинг учун мадраса томига тупроқ чиқариб, қовун-тарвуз экасиз.Пишгач, маликамиз билан маза қилиб ейсиз – мана шу ичган қасамингизнинг бажоси бўлади.
Шундай қилиб, Амир Темур чолнинг таклифини амалга оширибди. Доно Амир Темур умр йўлдоши Бибихонимни ниҳоятда яхши кўрганлиги сабабли тадбир топиб, қасам балосидан омон қолган экан. Узоқни кўриб иш юритадиган, тадбиркор ва ақлли Амир Темур ҳаёти ва фаолиятидан бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Соҳибқирон билан гурунглашиш бахтига муяссар бўлган машҳур араб файласуфи Ибн Халдун Амир Темурга хос хислатлар, унинг ажойиб фазилатлари ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади.
Буюк ҳукмдорнинг «Темур тузуклари» асари эса ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ўзига хос йилномасидир. Соҳибқироннинг бу китоби дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган.
Амир Темур 1405 йилда Ўтрорда вафот этди. У Хитойни забт этиш учун йўлга чиққан эди. Аммо бевақт ўлим унинг бу режаси амалга ошмай қолишига сабаб бўлди.
Улуғ саркарда, кучли марказлашган давлатнинг буюк асосчиси Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўплаб асарлару бадиий, ҳужжатли фильмлар яратилган. Романлар, драмалар, достонлар ва шеърлар ёзилган. Бундан ташқари, биргина ўзбек халқи эмас, бутун дунё аҳли Соҳибқирон туғилган 9 апрель кунини ҳар йили катта ҳурмат, эҳтиром, шоду хуррамлик билан нишонлайди.
Улуғ саркарда, беназир ҳукмдор, марказлашган йирик давлат асосчиси Амир Темурнинг ҳаёт йўли доимо мардлик ва жасоратнинг, ватанга ҳалол хизмат қилишнинг юксак намунаси бўлиб қолаверади.
Жовли Хушбоқ, ёзувчи