Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳри 32-сон умумтаълим мактабида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари – Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 543 йиллиги муносабати билан “Икки буюк сиймо” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, партия фаоллари, педагоглар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар буюк аждодларимизнинг ўзбек ва жаҳон адабиёти, илм-фан ҳамда давлат бошқаруви тарихидаги беқиёс ўрнига алоҳида тўхталиб, уларнинг бой маънавий мероси бугунги ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Улуғ мутафаккирларнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ифодали ўқилди, уларнинг асарларида илгари сурилган ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, илмга интилиш ва адолат ғоялари кенг ёритиб берилди. Айниқса, Навоийнинг туркий адабиёт равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда Бобурнинг шоҳ ва шоир сифатидаги серқирра фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА